Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 52 ёшли эркак меҳрибонлик уйидан асраб олган 13 ёшли қизни зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйгани, Олий суд ҳолат бўйича жиноят иши 7 апрель куни ёпиқ суд мажлисида кўрилишини хабар қилинганди. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, аслида 2 нафар вояга етмаган қиз зўрланган.

Чироқчи туманида яшовчи фуқаро К.Т. 2022 йилда Оилавий болалар уйини ташкил қилиб, жами 8 нафар болани қарамоғига олган. У болалар уйида яшаган 2 нафар вояга етмаган қизларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, номусга тегиш жиноятларини содир қилган.

Ҳолат бўйича туман ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, эркак эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судига юборилган.

«Мазкур оилавий болалар уйида тарбияланган болаларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилиб, ижтимоий ҳимояга олиниши таъминланди, вояга етмаган жабрланувчиларда ҳомиладорлик ҳолати аниқланмади, мутахассислар иштирокида улар билан психологик суҳбат ўтказилди», — дейилади хабарда.

Қўмита хабарига кўра, воқеа аниқланганидан сўнг тарбияланувчиларнинг 2 нафари яқин қариндошларига қайтарилган, 5 нафари вилоят ИИБ бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.

Яна 1 нафари ўзининг хоҳиши билан Чироқчи туман ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси мудири ихтиёрига вақтинча топширилган, 1 нафар вояга етган тарбияланувчини Қарши шаҳридаги «Ишга марҳамат» моно марказига касбга ўқитиш курсларига жойлаштириш чораси кўрилмоқда.

Жиноят иши прокуратура идоралари томонидан назоратга олинган, дейилади хабарда.