E-Qaror порталида Ўзбекистон вилоятлари ва шаҳарлари ҳокимликларининг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси лойиҳасини тарғиб қилиш бўйича тарғибот гуруҳларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорлари беркитилди.

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳри ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов 27 март куни Конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳаси моҳиятини аҳолига юқори савияда етказиш бўйича тарғибот гуруҳларини тузиш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Ҳужжатда гуруҳларга 1000 дан ортиқ киши, жумладан, оқсоқоллар, ўқитувчи, шифокор, ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ва бошқаларни жалб этиш ҳақида сўз борган бўлиб, уларга 11 мингдан ортиқ маҳалла фаоллари кўмаклашиши назарда тутилганди.

«Газета.uz»да эълон қилинган хабардан сўнг пойтахт ҳокимлиги раҳбари ўз қарорини 31 март куни «Тошкент шаҳри адлия бошқармаси тақдимномасига асосан» деган мазмунда бекор қилди. Таҳририят ушбу тақдимнома сабабларини ўрганиш мақсадида Адлия вазирлигига сўров юборган, бироқ ҳозирча жавоб келгани йўқ.

1 апрель куни «Газета.uz» Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчисининг 27 мартдаги ушбу қарори E-Qaror порталидан олиб ташланганига эътибор қаратди. Ҳокимлик матбуот хизмати эса мурожаатга жавоб бермади.

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини тарғиб қилиш бўйича гуруҳларни тузиш қарорлари бошқа ҳудудларда ҳам қабул қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик. «Konstitutsiya» калит сўзи бўйича қарорларни қидиришда тизим 25−31 март кунлари қабул қилинган 80 дан ортиқ ҳужжатлар мавжудлигини кўрсатди. Бироқ уларнинг аксарияти жамоатчиликдан яширилган (қуйида қизил рангда кўрсатилган).

e-qaror, конституцион ислоҳот, тарғибот гуруҳлари

e-qaror, конституцион ислоҳот, тарғибот гуруҳлари

e-qaror, конституцион ислоҳот, тарғибот гуруҳлари

1 апрель куни «konstitutsiya» сўзи қидирувга берилганда ушбу ҳужжатлар тизимда кўрсатилмаган. Янги Конституция лойиҳаси бўйича тарғибот ишларини ташкил этиш тўғрисидаги ҳокимларнинг илгари очиқ бўлган қарорлари эса эндиликда беркитилган.

e-qaror, конституцион ислоҳот, тарғибот гуруҳлари

e-qaror, конституцион ислоҳот, тарғибот гуруҳлари

e-qaror, конституцион ислоҳот, тарғибот гуруҳлари

Масалан, Самарқанд шаҳри ҳокими Фазлиддин Умаров 25 март куни («Газета.uz» нусхасини сақлаб қўйган) мактаб директорлари, шифокорлар, ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари, профилактика инспекторлари, фаоллар ва бошқаларни ўз ичига олувчи 3360 дан ортиқ кишидан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган.

«Газета.uz» материалидан кейин бу ҳужжат ҳам оммадан яширилган.

e-qaror, конституцион ислоҳот, тарғибот гуруҳлари

e-qaror, конституцион ислоҳот, тарғибот гуруҳлари

e-qaror, конституцион ислоҳот, тарғибот гуруҳлари

e-qaror, конституцион ислоҳот, тарғибот гуруҳлари

Қўштепа ва Хатирчи туманлари ҳокимларининг қарорлари (31 март ва 1 апрель ҳолатига).

«Газета.uz» 2022 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри ҳокимлиги шаҳар бюджетининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги кенгаш қарорини яширишга урингани ҳақида маълум қилганди. Шундан сўнг Адлия вазирлиги фақат ҳокимлар ҳужжатларни эълон қилиш ва улардан фойдаланишни чеклаш ҳуқуқига эга эканини билдирган.

Қонунчиликка мувофиқ, ҳокимликлар томонидан айрим ҳолларда фойдаланилиши чекланган ахборотларни (мудофаа, хавфсизлик, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқалар) ўз ичига олган қарор ва фармойишлар қабул қилинади.