Тошкент ҳокимлиги 3 ноябрь куни E-qaror порталида пойтахт халқ депутатлари Кенгашининг 2022 йилнинг олти ойидаги шаҳар бюджети даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги қарорларини эълон қилди. Бироқ бир мунча вақт ўтгач, ҳужжатлар ғойиб бўлди. Маълумотлар жамоатчилик танқидидан сўнг қайта тикланди.

Ҳокимлик қарорлари, «хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифи остидаги ҳужжатлар бундан мустасно, эълон қилинадиган E-qaror тизими 2021 йил 1 июлдан ишга туширилган. Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши очиқликни ошириб, ҳокимликлар қарорларини қалбакилаштиришнинг олдини олишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Таъкидланишича, ҳозирга қадар 255 мингдан ортиқ ҳоким қарорлари бирорта қоғоз ишлатилмасдан электрон тарзда қабул қилинди, натижада 1,2 млн дона ёки 6 тонна қоғоз тежалди. Ҳоким қарорларини ишлаб чиқиш ва тегишли ташкилотлар билан келишишга кетадиган вақт сезиларли даражада қисқарди (-25−30%).

Бугунги кунга қадар 255 мингдан ортиқ ҳоким қарорлари қоғоздан фойдаланмасдан электрон шаклда қабул қилинган. Бу 1,2 миллион варақ ёки 6 тонна қоғозни тежаш имконини берди. Шунингдек, қарорлар ишлаб чиқиш ва уларни тегишли ташкилотлар билан келишиш муддатлари 25−30 фоизга қисқартирилди, қарорлар лойиҳаларини юридик хизматни четлаб ўтиб, ҳоким имзоси учун киритиш имконияти бекор қилинди.

Адлия вазирлигининг қайд этишича, ҳоким қарорлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди — аввал бундай имконият бўлмаган.

Қонунчиликка мувофиқ ҳокимликлар томонидан айрим ҳолларда фойдаланилиши чекланган ахборотларни (мудофаа, хавфсизлик, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқалар) ўз ичига олган қарор ва фармойишлар қабул қилинади.

Ҳукумат қарорига кўра, ҳоким (кенгаш раиси) ҳужжат лойиҳасини электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди, имзоланган ва махсус рақам билан рўйхатга олинган ҳужжатни Тизим бош саҳифасида автоматик тарзда эълон қилади (юқоридаги ҳолатлар бундан мустасно).

Шунга кўра, ҳоким (кенгаш раиси)га қарор имзоланишидан аввал мазкур ҳужжатни қабул қилиниши биланоқ Тизим бош саҳифасида автоматик тарзда эълон қилиш ёки аксинча эълон қилмаслик масаласини белгилаш имконияти яратилган. Бундай ҳуқуққа фақат ҳоким — кенгаш раҳбаригина эга. Тошкент бюджетига оид ҳужжатларга нисбатан бундай қарорлар ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан қабул қилинади.

Ҳоким томонидан қабул қилинган қарорлар устидан назорат нафақат адлия органлари, балки прокуратура органлари томонидан ҳам амалга оширилади. Жумладан, адлия органлари томонидан ҳокимликларнинг 2700 га яқин ҳужжатлари асоссиз равишда эълон қилинмагани аниқланиб, кейинчалик ушбу қарорлар билан танишиш таъминланган.

Шу билан бирга, тақиқланган маълумотларни ўз ичига олган 2100 дан ортиқ ҳужжат асоссиз нашр этилгани аниқланган, шу сабабли уларга кириш ёпилган.

Шунингдек, ҳокимларнинг 3889 та қарор ва фармойишларида қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланган. Адлия органлари томонидан уларнинг 3198 тасини бекор қилиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш бўйича 1265 та чора кўрилган. Натижада 2587 та қарор бекор қилиниб, қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилди, 97 нафар масъул ходим интизомий жавобгарликка тортилди.

Ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун вилоят адлия органларига тақдим этилган 3138 та ҳужжат лойиҳасининг 1130 таси ёки 36 фоизи (ҳар 3 та тақдим этилган ҳужжат) қабул қилиш учун номувофиқ деб топилган ёки рад этилган.

Адлия вазирлигининг қайд этишича, мониторинг натижаларига кўра ҳоким қарорларининг тизимда эълон қилиниши ёки аксинча бунга чеклов қўйилиши иш жараёнида кузатиладиган ҳолат. «Бироқ ташқи аралашув орқали E-qaror электрон тизими орқали ишлаб чиқилган ва қабул қилинган ҳужжатларни тизимдан ўзгартириш ёки ўчириб юбориш имконияти мавжуд эмаслиги маълум қилинади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Адлия вазирлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бу борада E-qaror электрон тизими орқали қабул қилинаётган қарорларни эълон қилинишида жамоатчилик назорати ўрнатилганлигини ва бу борада жамоатчиликнинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлайди, деб таъкидлади матбуот хизмати.