«Газета.uz» 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Пенсиялар ва нафақалар миқдори ошади

Президентнинг 2023 йил 28 мартдаги [ПФ-45-сон] фармони билан 1 апрель санасидан пенсия ва нафақалар миқдори ошади. Бу қуйидагича ўзгаради:

  • Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ҳозирги 324 минг сўмдан — 347 минг сўмга;
  • Ёшга доир энг кам пенсия миқдори ҳозирги 633 минг сўмдан — 677 минг сўмга;
  • Ногиронлик пенсиялари, жумладан, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори (шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори) ҳозирги 698 минг сўмдан — 747 минг сўмгача ошади.

2. Пенсия олувчилар Тошкент метросидан кун давомида бепул фойдаланади

Президентнинг 2023 йил 15 мартдаги [ПҚ-94-сон] қарорига кўра, 2023 йил 1 апрелдан Тошкент метрополитенининг тўлиқ фаолият кўрсатиши вақти давомида пенсия олувчиларга бепул хизмат кўрсатилади.

Бунга қадар пенсионерлар фақат кундузи соат 10:00 дан 16:00 гача Тошкент метросида бепул ҳаракатланиши мумкин эди.


3. Шаҳар ва туманлар марказларида ҳаракатланиш тезлиги 60 км/соатгача туширилади

Президентнинг 2023 йил 28 февралдаги [ПФ-27-сон] фармонига асосан Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади.

Бироқ ҳозиргача ИИВ ЙҲХХ томонидан жарималар қўлланила бошланиши ёки йўқлиги ҳақида бирор аниқ маълумот эълон қилинмади.


4. Айрим касалликларда ногиронлик фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади

Президентнинг 2023 йил 28 февралдаги [ПФ-27-сон] фармонига мувофиқ, ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.


5. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ижтимоий қўллаб-қувватланади

Президентнинг 2023 йил 13 мартдаги [ПФ-34-сон] фармони билан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатилади. Бунда:

  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида белгиланади;
  • ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) давлат мажбурий шахсий суғуртаси доирасида ҳарбий хизматчи (ходим) ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта суммаси БҲМнинг 200 баравари миқдорида белгиланади.

6. 25 йилдан кўп тажрибага эга педагоглар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 мартдаги [120-сон] қарорига кўра, 1 апрелдан қуйидагилар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди:

  • педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга педагог ходимлар;
  • ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган муддат қолган педагог ходимлар.

7. Аҳолига қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун субсидия берилади

Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги [ПҚ-57-сон] қарорига асосан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун аҳолига субсидия берилади.

Республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури амалга оширилади.

Дастур доирасида жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.


8. Тадбиркорларга мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади

Президентнинг 2023 йил 10 февралдаги [ПФ-21-сон] фармонига мувофиқ, 1 йилда бир маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 20 бараваридан ошмаган (6 млн сўмгача) қисми қоплаб берилади.

Бундан ташқари:

  • даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлар учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади ва ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади.
  • давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда ҚҚС суммаси инобатга олинмайди;
  • юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатларини экспорт қийматининг 6 фоизигача қоплаш тартиби бекор қилинади.

9. Паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар берилади

Президентнинг 2022 йил 15 июндаги [ПҚ-281-сон] қарори билан паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи фақатгина my.vetgov.uz сайтида рўйхатдан ўтган ҳамда тегишли мезонларга мос келувчи паррандачилик хўжаликларига берилади.


10. Кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида боғчалар ташкил этишга рухсат берилади

Президентнинг 2023 йил 28 февралдаги [ПФ-27-сон] фармонига асосан мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида:

  • янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилади;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерик томонидан ушбу бинонинг мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйилишига оид чекловлар бекор қилинади.

11. Янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари учун мол-мулк солиғи пасайтирувчи коэффициентда тўланади

Президентнинг 2023 йил 23 февралдаги [ПҚ-69-сон] қарори билан тадбиркорлар янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари, 2023 йил 1 январдан кейин фойдаланишга топширилган бинолар юзасидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ҳисобланган суммани қуйидаги пасайтирувчи коэффициентни қўллаган ҳолда, бино фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тўлайди:

  • 3 қаватли бинога — 0,9;
  • 4 қаватли бинога — 0,8,;
  • 5 қаватли бинога — 0,7;
  • 6 қаватли бинога — 0,6;
  • 7 ва ундан юқори қаватли бинога — 0,5.

Бундан республиканинг шаҳарлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида жойлашган бинолар мустасно.


12. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган шахслар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади

Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги [ПҚ-57-сон] қарорига кўра, 1 апрелдан умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 3 йил муддатга мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади.

Ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса — 10 йил муддатга қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:

  • ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғини;
  • қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини;
  • юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини.

13. Айрим қишлоқ хўжалиги техникалари божхона тўловлари ва утилизация йиғимидан озод қилинади

Президентнинг 2023 йил 29 мартдаги [ПҚ-103-сон] қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари харидини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги ягона тартиби 2023 йил 1 апрелдан жорий қилинади:

  • Президент қарорида назарда тутилган субсидиялар барча маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи корхоналарга татбиқ этилади;
  • тегишли рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари ҳамда уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари 2025 йил 1 январгача божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва утилизация йиғимидан озод қилинади ҳамда тадбиркорларга эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб ҚҚСни 270 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилади;
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар ва ЯТТларга қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегатларини лизингга беришга рухсат этилади;

2023−2024 йилларда қишлоқ хўжалиги техникаси харидини молиялаштириш учун жами 2,6 трлн сўм йўналтирилади. Бунда:

  • банклар томонидан лизинг ташкилотларига кредит ажратилишида гаров таъминоти сифатида лизингга бериладиган техникалар ва суғурта полиси қабул қилиниши мумкин;
  • халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан харидорларга қишлоқ хўжалиги техникалари лизинг маржаси йиллик 3 фоиздан ошмаган ставкада 10 йилгача бўлган муддатга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги буюртмаси асосида лизингга берилади.

14. Коллеж ва техникум педагоглари ойлиги мактаб ўқитувчилари маошига тенглаштирилади

Президентнинг 2023 йил 28 февралдаги [ПФ-27-сон] фармонига асосан қуйидагича тартиб белгиланмоқда:

  • профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;
  • профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.

15. Хўжалик жамиятлари кузатув кенгашининг қимматли қоғозларни чиқариш бўйича қарорлари муҳим факт сифатида ошкор қилинади

Президентнинг 2022 йил 8 ноябрдаги [ПҚ-415-сон] қарори билан хўжалик жамиятларининг иштирокчиси (акциядори) ва кредиторлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қуйидаги тартиб ўрнатилади:

  • МЧЖ устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган, қиймати БҲМнинг 10 минг бараваридан кўп бўлган пулсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас;
  • юридик шахслар қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этилганда, корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, топшириш ҳужжатида кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади;
  • хўжалик жамиятлари кузатув кенгашининг акция, корпоратив облигация ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш бўйича қарорлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муҳим факт сифатида ошкор қилинади.