Баъзида кино кўргинг келадию, лекин нима кўришни билмайсан: кинодан кўпи борми? Лекин бир тавсия бўлсаю, унга ишониб, томошани бошласанг. «Газета.uz» муштарийларнинг дам олиш кунлари мазмунли ўтишига кўмаклашиш ниятида «Нима кўрамиз?» лойиҳасини давом эттиради. Кино ижодкорлари, сценарийнавислар, ёзувчи ва шоирлар, журналист ва блогерлар, жамоат фаолларидан ҳар ҳафта «Нима кўрамиз?» деган саволга жавоб оламиз. Мақсад — кинонинг яхшисини кўрайлик, вақтимиз беҳуда кетмасин.

«Нима кўрамиз?» лойиҳасининг бу галги меҳмони — блогер Аъзам Қаҳрамоний.

Сўнгги вақтларда кўрилган (асосан янги) фильмлардан тавсиялар

«Дунёдаги энг ёмон одам»

«Verdens verste menneske», 2021

Норвегиялик режиссёр Йоаким Триернинг ушбу фильми замонавий жамиятдаги инсоннинг кризиси, шу жамиятдаги оила ва севги тушунчаларининг қайта кўриб чиқилиши ҳақида. Ҳозир иқтисодий ўсиш, глобаллашув таъсирида Тошкентнинг ўзида ҳам 20−35 ёшлиларнинг шундай қатлами шаклланяпти, бу фильмда улар кўплаб саволларга жавоб олишлари, ҳеч бўлмаса саволларини аниқлаштириб олишлари мумкин.

«Чебурашка», 2022

Сўнгги йилларда россиялик кинематографлар ўтмишдаги кўплаб машҳур (асосан комедия жанридаги) фильмларнинг ремейкларини олди, лекин уларнинг ҳеч бири оригинал фильм муваффақиятини такрорлай олмади. Аммо «Чебурашка» (уни тўлақонли ремейк ҳам деб бўлмаса-да) бу борада истисно. Дастлабки кадрлардан, илк 10 дақиқанинг ўзидаёқ сиз навбатдаги муваффақиятсиз ремейкни эмас, балки яхши ишланган фильмни кўраётганингизни ҳис қиласиз.

Устозимиз Ёлқин Тўйчиев «сўз — бу энг охирги ҳаракат» деганди. Яъни, ҳамма нарсани ҳаракатлар воситасида кўрсатиб бериш керак ва тушунтириш учун бошқа имкон қолмасагина сўзга мурожаат қиласан. Бу жиҳат режиссура даражасини ҳам белгилаб беради ва «Чебурашка»да бу нарсани яққол кўришимиз мумкин: кинонинг бошидаги 10 дақиқада умуман гапирилмайди, ҳамма нарса ҳаракатлар билан кўрсатиб берилади. Оилавий кўриб, дам олиш мумкин бўлган яхши фильм.

«Охирги дуэль»

The Last Duel, 2021

Ридли Скоттнинг «Охирги дуэли»ини бир йилча аввал дўстларимиз билан йиғилиб, бирга томоша қилгандик. Жанг саҳналари кўплиги учун худди UFC мусобақасига гувоҳи бўлаётгандек, у ёки бу қаҳрамонга мухлислик қилиб, кўргандик. Фильм салб юришлари даври ва ҳаммамизга жуда ҳам таниш бўлган қадриятлар ҳақида. Фильмдаги воқеалар — Нормандиядами, Франциядами — қаерда юз беришидан қатъи назар (айтганча, фильм ҳақиқатда бўлган воқеалар асосида суратга олинган), унда ҳар бир ўзбекнинг юрагигача кириб борадиган муаммолар кўтарилган. Шу боис мазкур фильмни ҳеч бегонасирамай, бемалол кўрса бўлади.

Ҳамма кўриши тавсия этиладиган фильмлар ўнлиги

Очиғи, фильмларни қандай таснифлашни билмадим. Баъзи фильмлар вақтичоғлик учун яхши бўлса, бошқалари эса дунёқарашни кенгайтиришга яхши хизмат қилади. Яна учинчи бир туркум фильмлар борки, улар юқорида саналган ҳар икки вазифани ҳам бирдек уддалайди. Шу боис тавсия қилмоқчи бўлган фильмларимни вазнларга — ўта енгилдан ўта оғиргача — ажратдим. Бунда фильмни хазм қилиш қанчалик осон-мураккаблиги, уларни завқ билан томоша қилиш учун замон ва макон ҳақида қанчалик билимга эга бўлиш зарурлигини имкон қадар ҳисобга олдим.

Ўта енгил вазн:

  • «Жаннати болалар» (1997) — эронлик режиссёр Мажид Мажидийнинг бу фильми ҳақида америкалик машҳур кинотанқидчи Рожер Эберт: «Болалар учун, айниқса, талтайиб кетган америкалик болалар учун идеал фильм», деб ёзганди. Маданиятлар ўхшашлиги боис бу фильмни худди ўзбеклар учун олингандек томоша қиласиз. Оила даврасида кўришга арзийди — ота-онангиз, дода-бувиларингиз билан бирга кўрсангиз, уларнинг дуосига қоласиз.
  • «Мафтункор лаззат» («The hundred foot journey», 2014) — бизга таниш қадриятлар ва ҳолатлар ҳақида мириқиб томоша қилинадиган яна бир фильм. Ҳаммаси бир ҳинд оиласи Франциянинг Прованс вилоятига бориб қолишидан бошланади. Дарвоқе, у ерда иштаҳаочар саҳналар жуда кўп — таом ва егуликлар ҳақидаги энг гўзал фильмлардан бири.

Енгил вазн:

  • «Хазиналар сайёраси» («Treasure Planet», 2002) — бироз эксперименталлиги сабаб кўпинча эътибордан четда қоладиган бу Disney фильмини албатта кўриш керак. Кўпчилигимизга «Хазиналар ороли» китобидан таниш бўлган сюжет мутлақо кутилмаган, янгича рангларда жилоланган.
  • «Озчилик ҳисоботи» («Minority Report», 2002) — ишдан чарчаб келган кунинг нимқоронғи хонада кўриладиган детектив, илмий фантастика, мистика. Стивен Спилбергнинг бу фильми илмий фантастика ва киберпанк жанрларига янги нафас олиб кира олганига қарамай, негадир асоссиз равишда камдан-кам эсга олинади.

Ўрта вазн:

  • «Тушлар фани» («La science des rêves», 2006) — Мишель Гондрининг бу картинаси прагматик ёки жангари фильмлар ихлосмандларини бироз зериктириб қўйиши мумкин, лекин орзуманд, хаёлпарастроқ одамларга ёқади. Бош роль ижрочиси Гаэль Берналь севимли актёрларимдан. Кўришга арзигулик фильм.
  • «Жеки аёллар салтанатида» («Jacky au royaume des filles», 2014) — француз комедияси анъаналарида суратга олинган сатира. Бир тасаввур қилиб кўринг — бу фильмда аёллар ва эркакларнинг роли тескари бўлганида қандай бўларди?
  • «Уч ранг: Қизил» («Three Color: Red», 1994) — кинони чин кўнгилдан севган, аммо қисқа умр кўргани учун фильмлари ҳам кам бўлган Кшиштоф Кесьлёвский фильм. «Уч ранг» — трилогия, учаласи ҳам кўришга арзигулик, лекин «Қизил»ни Кесьлёвскийнинг энг гўзал фильмларидан бири бўлгани учун алоҳида танладим.
  • «Қатъият» («Whiplash», 2014) — бу фильмсиз рўйхат тўлиқ бўлмасди. Баъзида танишларимдан шундай мазмундаги гап эшитиб қоламан: «Мен мотивация олиш учун уч-тўрт ойда бир «Whiplash» кўраман». Мен ҳам шу фикрга қўшиламан. Дэмьен Шазелл қандай қилиб бундай идеал фильм олганига ақл бовар қилмайди.

Ўрта оғир вазн:

  • «Серпико» («Serpico», 1973) — АҚШдаги 1970-йиллардаги вазият, ижтимоий муаммолар ҳақида. Бу ўринга «Dog Day Afternoon«ни ҳам қўйиш мумкин эди — унисини ҳам, бунисини ҳам Сидней Люмет суратга олган, унисида ҳам, бунисида ҳам Ал Пачино аксарият ўзбек томошабинига нотаниш бир образни гавдалантирган. Даҳшат!
  • «Рома» («Roma», 2018) — ўзингизни бўш қўйинг, ҳеч қаерга шошманг, дунё ташвишларини унутинг ва Мехикодаги ярим ҳинду қизнинг ҳаётини синчковлик билан кузатишга тайёрланинг. Шунингдек, муаллифи Альфонсо Куарон бўлган бир олам гўзаллик ва эстетика зарбига ҳам тайёр туринг. Фильм оқ-қора тасвирда олинган — ҳайрон бўлиб юрманглар тағин.

Энг оғир вазн:

  • «Оқ лента» («Das weiße Band», 2009) — режиссёр Михаэль Ханеке инсон дунёдаги энг жирканч ва қўрқинчли мавжудот эканини бир қишлоқ мисолида кўрсатиб, исботлаб берган;
  • «Такси ҳайдовчиси» («Taxi Driver», 1976) — бу кино режиссёр Сарвар Каримовнинг энг севимли фильми эканини бир неча йил аввал билиб қолгандим. Уни ўз тавсиялари орасига қўшмабдилар, бунга мен жазм қилдим — шу фильм шу ерда турсин.
  • «Арабистонлик Лоуренс» («Lawrence of Arabia», 1962) — Биринчи Жаҳон уруши давридаги Арабистон ярим ороли, минглаб араб ва бир британиялик. Бу фильмни биринчи марта 16 ёшимда йиғлаб кўргандим — ўсмирларга бошқачароқ таъсир қилса керак. Олий мақсад сари интилишни зўр кўрсатиб буюк фильмлардан.

«Шу кинони кўриб нима қиласан?!» вазни:

  • «Пианино ўқитувчиси» («La Pianiste», 2001) — яна Ханеке ва яна инсон онгини кавлаймиз. Бу фильм ҳар биримизга психотерапевт кераклиги ҳақида. Огоҳлантириб қўяй — бу фильмни кўрманг. Тағин ҳам ўзингиз биласиз.
  • «Қулаган фаришталар» («Fallen Angels», 1995) — кўпчилик Вонг Кар-вайни «Севги кайфияти» орқали билади, лекин мени унинг «Фаришталари»ни тавсия қилган бўлардим. Кўзлар учун ишланган, монтаж ва операторлик ишида новаторликка тўла, Ҳонгконг деган Осиё Нью-Йорки ҳам борлигини билдирувчи фильм. Лекин ундан кўп нарса кутманг — шунчаки ўзингизни бўш қўйинг ва томоша қилинг.