2023 йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга Швейцариядан 86,5 млн долларлик самолёт олиб келинди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонга жами 719,6 млн долларлик 14 та самолёт келтирилди:

  • Германия — 6 дона (421,7 млн доллар);
  • Литва — 4 дона (66,7 млн доллар);
  • Швейцария — 1 дона (86,5 млн доллар);
  • Франция — 1 дона (64,3 млн доллар);
  • Сингапур — 1 дона (61,6 млн доллар);
  • Буюк Британия — 1 дона (18,8 млн доллар).

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 5 та Airbus A321−253nx, 3 та Airbus A320−200neo, 2 та Airbus A320−232, 2 та Boeing-737, 1 та Dassault Falcon бизнес-жети олиб келинган.

Германиядан ҳаво кемалари импортининг ўсиши мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг 3 баравардан кўпроқ, яъни 573 млн долларгача ўсишини таъминлади, Ўзбекистондан Германияга экспорт қилинган маҳсулотлар 11 млн долларни, импорт эса 562 млн долларни ташкил этди.

2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Франция 17 та самолёт — «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси учун 12 та Airbus ва янги Silk Avia авиакомпанияси учун бешта Франция-Италия ATR сотиб олишга келишиб олганди. Шартномалар суммаси 794,3 млн еврога баҳоланган.

Миллий авиакомпания Airbus билан якуний шартномани январь ойида имзолаган. Компания ҳозирги 17 та А320 оилавий самолётига қўшимча равишда саккизта A320neo ва тўртта A321neo сотиб олади.

Бундан ташқари, иккита Airbus A320−232 янги хусусий йўловчи авиакомпанияси Centrum Air томонидан сотиб олинди. Самолётлар 18 январь куни кечқурун Вилнюсдан Тошкент аэропортига етиб келган.

Ўзбекистон, шунингдек, Бразилиянинг Embraer компаниясининг қисқа ва ўрта масофага учувчи самолётларини ҳам харид қилмоқчи. Хусусан, E195-E2 самолётлари Embraer томонидан жаҳон бозорида амалга оширилаётган махсус реклама дастури доирасида июнь ойида харид қилинади.

Шунингдек, Uzbekistan Airports 21 март куни Silk Avia авиакомпаниясининг илк самолёти Тошкентга етиб келгани ҳақида хабар берганди.