Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг маслаҳатчиси этиб тайинланганини рад этди.

«Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани ҳақидаги хабарлар ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳокимнинг истеъфога чиқишини маълум қилганди. «Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон „сводка“ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим», — деганди давлат раҳбари.

Шу куни «Газета.uz» манбаси собиқ ҳоким ва унинг оиласи Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Туркиянинг Истанбул шаҳрига кечикиб учган HY 271 рейси бўйича рўйхатдан ўтганини маълум қилди. Лекинйўловчилар орасида Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлмаган.

31 январь куни эса Марказий сайлов комиссияси Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокимини Олий Мажлис Сенати аъзолари рўйхатидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган.