Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 30 январдаги қарори билан собиқ Тошкент шаҳри ҳокими ва халқ депутатларининг Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Ортиқхўжаев Олий Мажлис Сенати аъзолари рўйхатидан чиқарилди.

Қарор халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати ваколатлари муддатидан олдин тугатилгани, шунингдек, унинг Сенат аъзоси сифатидаги ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисидаги ёзма аризасини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.

Аввалроқ, 27 январь куни Тошкент шаҳар Кенгаши Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг депутатлик ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳокимнинг истеъфога чиқишини маълум қилган эди. «Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон „сводка“ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим», — деди давлат раҳбари.

Шу куни «Газета.uz» манбаси собиқ ҳоким ва унинг оиласи Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Туркиянинг Истанбул шаҳрига кечикиб учган HY 271 рейси бўйича рўйхатдан ўтганини маълум қилди. Лекинйўловчилар орасида Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлмаган.