Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни Тошкент халқаро аэропортида тўхтатиб қолган бўлиши мумкин, деб хабар бермоқда «Газета.uz» манбаси.

Маълум қилинишича, собиқ ҳоким ва унинг оиласи 16 январь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрига учган Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY 271 рейсига рўйхатдан ўтган. Парвоз соат 7:40 да амалга оширилиши керак бўлган.

Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан олинганини маълум қилди.

«Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон „сводка“ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим», — деганди президент.

Таъкидланишича, пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани оқибатида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан ташқари, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимлари ҳам лавозимидан озод этилиб, ҳоким вазифасини бажарувчиси лавозимига туширилди. ДХХ ва Бош прокуратурага уларнинг фаолиятини ўрганиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар сессиясида 2018 йил 21 декабрь куни ташкилий масала кўрилиб, Шавкат Мирзиёев шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзодини шаҳар ҳокими лавозимига тавсия этган.