1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари 33,96 млрд долларни ташкил этди, дея Марказий банк маълумотига таяниб, Spot хабар бермоқда.

Февралда уларнинг ҳажми январь ойига нисбатан 1,98 млрд долларга камайган, шу билан бирга, октябрь ойидаги икки йиллик минимумдан 1,65 млрд долларга ошган. Эркин айирбошланадиган валютадаги захиралар ҳажми бир ой давомида 1,24 млрд долларга камайган ҳолда 10,07 млрд долларга етди. Ўзбекистоннинг хорижий банклардаги депозитлари ва нақд валюталари ҳажми сўнгги тўрт ойдаги минимал кўрсаткич — 1,17 млрд долларга камайди.

Тонажнинг 100 000 троя унцияга (3,1 тонна) қисқаришини ҳисобга олган ҳолда олтин захираси 717 млн долларга камайди. Ҳозирда у 22,83 млрд долларга баҳоланмоқда, бу жорий йилдаги энг паст кўрсаткич, аммо рекорд даражага яқин бўлишда давом этмоқда.

Ҳозирда Марказий банк захирасида 391 тонна ёки 12,6 млн унциядан бир оз кўпроқ қимматбаҳо металл мавжуд.

Охирги ойда жаҳон биржаларида олтин котировкалари унция учун 1842 долларгача тушди, бироқ март ойида кўтарилиб, 1850 доллардан ошиб кетди. Январь ойи бошида экспертлар 2023 йилда жаҳон бозорида олтин нархи бир троя унцияси учун 1900 долларгача ошиши мумкинлигини прогноз қилганди.

Расмий статистик маълумотларга кўра, январь ойида Ўзбекистон 1,18 млрд долларлик олтин экспорт қилган, бу умумий экспортнинг 56,75 фоизини ташкил этади. Қимматбаҳо металлни сотишдан тушган даромад ўтган январга нисбатан икки баравар ошди.

Маълумот учун, январь ойида Ўзбекистон Марказий банки 12 тонна олтин экспорти билан жаҳон марказий банклари орасида етакчи бўлди. Бу ноябрь ойидаги экспорт кўрсаткичидан олти баравар кўп ва 2022 йилнинг биринчи чорагидаги умумий сотувнинг деярли ярмини ташкил этади.