Охирги бир неча ой ичида Yandex Go мижозлари тўлов нақд пулсиз усулда амалга оширилса, ҳайдовчиларнинг йўловчи ташиш ва етказиб бериш хизматларини кўрсатишни рад этиши ҳолатларига дуч келишмоқда. «Газета.uz» ҳайдовчилардан норозилик сабабларини сўраб, таксопарклар ва агрегатор муаммони қандай ҳал қилишга уринаётганини ўрганди.

Нималар бўляпти?

Муаммо ёз бошидан бери кузатилмоқда. Баъзи ҳайдовчилар мижоз белгилаган нуқтага етиб келганида, олиб кетишни рад этишса, бошқалари тўлов усулини аниқлаштириш учун мижозга олдиндан қўнғироқ қилишади.

Агар ҳайдовчи буюртма жойига аллақачон етиб келган бўлса, у тезда мижоздан сафарни бекор қилишни сўрайди. Yandex Go иловаси тўлов усулини нақдсиз ҳисоб-китобдан нақд пулга ўзгартиришга рухсат бермайди. Сафар бекор қилинганда, чақириқ учун фойдаланувчининг картасидан маълум миқдорда маблағ ечиб олинади. Агар такси ҳайдовчисининг устидан шикоят қилинса, қоидага кўра, ҳисобдан пул ечиб олиш бекор қилинади, аммо бу ҳолатда ҳайдовчининг рейтинги тушади. Таксичиларнинг ўзлари эса буюртмани манзилга етиб келганидан 8 дақиқа ўтгандан кейингина бекор қилиш мумкинлигини таъкидлашди.

Yandex Go тизими қандай ишлайди?

Ҳайдовчиларнинг тушунтиришларига кўра, тизимда ишлаш учун таксичининг иловадаги шахсий кабинетидаги виртуал ҳамёнда ҳайдовчилар учун маълум миқдорда пул туриши керак. Ундан агрегатор ҳамда ҳайдовчи у орқали тизимга улана оладиган ҳамкор таксопарк комиссияси ушлаб қолинади. Комиссия виртуал ҳамёндан хизматлар учун нақд пулсиз тўлов учун ҳам, нақд пул учун ҳам ечиб олинади. Бундай ҳолда, нақд бўлмаган маблағлар худди шу виртуал ҳамёнга ўтади.

Yandex Go компаниясининг аниқлик киритишича, агрегатор ушлаб қоладиган ягона миқдор, бу — хизмат комиссияси. У тариф ва шаҳарга қараб 5 фоиздан 13 фоизгачани ташкил этади.

«Ҳар қандай қўшимча фоизларни паркларнинг ўзлари белгилайди. Yandex Go`нинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ», — дея таъкидланди компаниядан.

Шу билан бирга, ҳамкор таксопаркларда комиссия бошқача. Масалан, ҳамкор парклардан бирининг директори Шерзод П. «Газета.uz»га 3,5 фоиз комиссия олаётганини айтди. AMIR B-V таксопарки орқали Yandex Go`га уланган ҳайдовчилардан бири эса «Газета.uz»га ушбу компания 4 фоиз олиб қолишини маълум қилди.

Таҳририят билан суҳбатлашган ҳайдовчилар виртуал ҳамён балансини тўлдиришнинг бир неча йўли борлигини таъкидлашди. Улар: таксопаркда, Paynet шохобчалари, «Капиталбанк» ва Paynet тўлов терминаллари, Payme ва Click тўлов иловалари, мижозларнинг нақд пулсиз тўловлари ҳисобидан.

Ҳайдовчи балансида пул бўлмаса, у тизимдан узилади ва баланс тўлдирилгунга қадар буюртма қабул қилиш имкониятидан маҳрум бўлади. Такси ҳайдовчиларининг сўзларига кўра, мижозлар хизматлар учун фақат нақд пулда тўлайдиган кунлар бўлади. Шунга кўра, ҳайдовчилар балансни ўз вақтида тўлдиришлари керак, шунда хизмат комиссияни олиши, ҳайдовчилар эса ишлашни давом эттириши мумкин.

Буюртма келганда, ҳайдовчилар уни қабул қилиш ёки рад этиш учун бир неча сония вақтлари бўлади. Шу билан бирга, ҳайдовчи ҳозирча тўлов қайси усулда бўлишини олдиндан аниқлай олмайди.

«Тошкентда хизматда иккала тўлов усули ҳам мавжуд — нақд ва нақдсиз. Фойдаланувчиларнинг улардан исталган бирини танлай олишлари муҳим, — деб изоҳ берди Yandex Go компанияси. — Шунинг учун ҳайдовчилар мунтазам равишда нақд пулсиз тўловли сафарларни рад эта олмайдиган хизмат стандарти Yandex Go мавжуд бўлган барча мамлакатларда амал қилади. Худди шу қоида бошқа сабабларга кўра такрорланувчи рад этишлар учун ҳам қўлланилади».

Ҳайдовчилардан бири «Газета.uz»га иловани агрегатор фақат нақд ёки фақат карта орқали тўлаш мумкин бўлган буюртмаларни таклиф қиладиган қилиб созлаш мумкинлигини маълум қилди. Бироқ Yandex Go ушбу маълумотни рад этди.

«По умолчанию» созламасида дастур исталган тўлов усули билан буюртмаларни таклиф қилади. Бундай ҳолда, ҳайдовчи тўлов шакли ҳақида фақат буюртмани қабул қилгандан кейин билиб олади. Агар ҳайдовчилар тўлов шакли туфайли буюртмани рад этса, уларнинг рейтинги тушади ва буюртма олиш эҳтимоли пасаяди.

«Юқори рейтингга эга ҳайдовчилар эса, аксинча, турли имтиёзларга эга бўлишади», деб таъкидлади Yandex Go.

Маълумот учун. Таксопарк директори Шерзод П.нинг сўзларига кўра, барча буюртмаларнинг қарийб 50 фоизи йўловчи ёки ҳайдовчилар томонидан бекор қилинади.

Ҳайдовчилар нимадан шикоят қилишмоқда?

Кўпчилик ҳайдовчиларнинг «Газета.uz»га айтишича, Yandex Go иловасидаги виртуал ҳамён уларнинг шахсий банк картасига боғланмаган. Бу мижознинг нақд пулсиз маблағлари аввал Yandex Go ҳисобига ўтказилишини англатади. Такси ҳайдовчиларининг сўзларига кўра, пул дастлаб Россияга жўнатилади ва шундан кейингина Ўзбекистонга қайтарилади. Yandex Go такси ҳайдовчиларининг тахминига изоҳ бермади.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик MyTaxi агрегатори ҳайдовчилари мижозлардан тўловларни сафар якунлангандан сўнг дарҳол банк карталарига оладилар.

Yandex Go ҳайдовчиси Ильдар мижозларга энг кўп «Комфорт» тарифи бўйича хизмат кўрсатади. «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда у ўз балансидан банк картасига пул ўтказиш учун такси компаниясига ариза билан мурожаат қилиши кераклигини тушунтирди. Ҳайдовчи билан ҳисоб-китоб қилиш уч-беш кун давом этади, деди Ильдар. Бошқа ҳайдовчиларнинг таъкидлашича, такси компанияларида нақд пул олиш учун ариза берувчи ҳайдовчиларнинг узун навбатлари ҳосил бўлади.

Yandex Go эса ҳисоб-китоб ўртача бир иш кунини олишини маълум қилди. Яна бир Yandex Go такси ҳайдовчиси Қудрат бу маълумотни тасдиқлади. Бироқ, бошқа бир қатор ҳайдовчиларнинг таъкидлашича, ҳисоб-китоб бир кундан ортиқ давом этади.

Таксопарк директори Шерзод П.нинг сўзларига кўра, айрим таксопарклар ҳайдовчилар билан ҳисоб-китобни кечиктирмоқда. Унинг таксопаркида жараён қуйидагича: нақд бўлмаган маблағлар биринчи навбатда шерикнинг ҳисобига тушади, шундан сўнг таксопарк ҳайдовчининг илтимосига кўра пулни нақдлаштиради ва у билан ҳисоб-китоб қилади. Шерзод П.нинг айтишича, ҳисоб-китоб 5−10 дақиқани олади ва иш кунлари соат 8:00 дан 17:00 гача амалга оширилади. Яна бир қанча таксопарклар ҳайдовчиларга тўловларни тўлаш тартиби ҳақида гапиришдан бош тортди.

Баъзи ҳайдовчиларнинг таъкидлашича, нақд пулсиз тўловлар асосида хизмат кўрсатишдан оммавий равишда воз кечишга таксопарклар томонидан пулни нақдлаштирганлик учун 12 фоиз ушлаб қолинаётгани сабаб бўлмоқда. Шунда таксичилар Yandex Go комиссияси, таксопаркларнинг тизимга уланганлик учун комиссияси ҳамда пулни нақдлаштирганлик учун олинаётган фоиз ҳисобига маблағларининг 30 фоизга яқинини йўқотишмоқда.

Таксопарк директори Шерзод П.нинг қайд этишича, компания нақд пул олиш учун фоиз олиб қолмайди. Ҳайдовчи Ильдарнинг айтишича, унинг таксопарки ҳам такси ҳайдовчилари билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилади. Айрим ҳайдовчиларнинг хабар беришича, ходимларнинг оммавий норозилиги натижасида таксопарклар бу амалиётдан воз кечган.

Шерзод П.нинг сўзларига кўра, бир қатор таксопаркларда ҳайдовчилар маблағларидан комиссия ушлаб қолиниши Yandex Go ҳамкорларининг даромад солиғи тўлашлари шартлиги билан боғлиқ, нақд пул бериш тартибининг ўзи эса мураккаб. Ҳайдовчилар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш учун кўплаб таксопарклар, Шерзод П.нинг сўзларига кўра, ўз маблағларини тикади ёки қарз олади. Бундан ташқари, таксопарклар ҳисобида ҳам, ҳайдовчилар ҳисобида ҳам доимо пул бўлиши керак. Агар таксопарк ҳамёни бўш бўлса, Yandex Go ҳамкорни узиб қўяди. Шу сабабли таксопарклар доимий равишда ўз балансларини ҳам ўз маблағлари, ҳам ҳайдовчилар ҳисобидан тўлдириб боради, акс ҳолда нафақат ҳамкор таксопарклар, балки улар орқали Yandex Go`га уланган ҳайдовчилар ҳам ишсиз қолишади.

Фото: Евгений Сорочин / Spot.uz.

Натижада ҳайдовчилар учун пулни нақдлаштириш билан боғиқ қийинчиликлар — таксопаркларда навбатлар, ариза ёзиш зарурати — нақд пулсиз тўловли буюртмаларни қабул қилишда тўсиқ бўлмоқда.

Кўпгина ҳайдовчилар учун Yandex Go`да ишлаш — ягона тирикчилик манбаи. Нақд пулнинг йўқлиги ва ҳисобидаги пулларини ечиб олиш билан боғлиқ қийинчиликлар уларга, жумладан, Yandex Go`да ишлаш учун зарур бўлган кундалик харажатларни амалга оширишга тўсқинлик қилади. Ёқилғи тўлдиролмайди ёки машинасини юва олишмайди, топган пулларини рўзғор эҳтиёжларига сарфлай олишмайди, чунки бу пулларни керакли пайтда ечиб олишнинг имкони бўлмайди.

Ҳайдовчи Ильдар виртуал ҳамёнидаги баланс нолга тушиб қолгани, таксопарк ҳам ҳисоб-китоб қилмагани учун тўрт кун ишлай олмаганини сўзлаб берди. Бошқа ҳайдовчилар ҳам машинасига ёқилғи қуйиш учун ҳеч вақоси бўлмаган вақтларини эслашди.

Бироқ нақд пул ортидан қувишнинг бошқа жиҳати ҳам бор. Paynet пунктлари ва «Капиталбанк» ва Paynet тўлов терминалларини излашга ҳамма ҳайдовчиларда ҳам вақт бўлавермайди ёки улар бу жойлардан узоқда бўлишлари ёки терминаллар ишламай қолиши мумкин. Айрим ҳайдовчиларда эса Payme ва Click орқали Yandex Go виртуал ҳамёнини тўлдириш имконини берадиган банк карталарининг ўзи йўқ. Ҳайдовчиларнинг банк картаси бўлган тақдирда ҳам, гоҳида нақд пул қабул қилувчи банкоматларни топиш ва уларни ишлатишда қийинчиликлар туғилади. Албатта, Yandex Go иловасидаги виртуал ҳамён балансини тўлдиришнинг бошқа усуллари ҳам бор, масалан, танишлардан сўраш. Аммо бу ҳар доим ҳам фойда беравермайди ва таксичиларнинг ишини қийинлаштиради.

Барча қийинчиликларга қарамай, сўровда қатнашган ҳайдовчилар Yandex Go мижозларидан шикоят қилишмади. Улар кўпчилик ойлигини банк картасига олишини тушунишади, лекин бу уларнинг муаммосини ҳал қилмайди.

Шу билан бирга, банк картасига эга бўлган таксичилар мижозларнинг тўлов иловалари орқали картасига пул ўтказиб беришларига қарши эмас. Бу, ўз навбатида, ҳайдовчиларга ҳам ҳисобни тўлдириш, ҳам банкоматлардан нақд пул ечиб олиш имконини беради.

Баъзида ҳайдовчилар агрегатор ва таксопаркка комиссия тўламаслик учун тизимни алдашга ҳаракат қилишади. Ҳайдовчи Дамирнинг айтишича, ҳайдовчилар мижоздан сафарни бекор қилишни сўраши ва иловада кўрсатилган нархда уни манзилига олиб бориши мумкин, бунда мижоз таксичига йўл кирани нақд пулда беради ёки унинг банк картасига ўтказади. Шунингдек, ҳайдовчилар тирбандликларни баҳона қилиб сафар нархини ошириб юборган ҳолатлар ҳам бўлади.

Ҳамма ҳайдовчилар ҳам нақд пулсиз тўловга қарши эмас

Yandex Go виртуал ҳамёнидан пул маблағларини ечиб олишда юқорида санаб ўтилган барча қийинчиликларга қарамай, баъзи ҳайдовчилар тўлов усули борасида қайғуришмайди.

Баъзилар ҳисобини катта миқдорда тўлдириб қўйишади, бошқалари эса бунда ҳеч қандай муаммо кўрмайди, чунки кўпчилик мижозлари хизматлар учун нақд пул тўлайди. Яна айримлар бўш вақтларида Yandex Go`да пул ишлашади, шунинг учун ҳамёнларида катта миқдор пул йиғилиши улар учун фойдали бўлиши мумкин.

Ҳайдовчи Дамирнинг айтишича, унинг буюртмаларининг атиги 15 фоизигина нақд пулсиз усулда тўланади. Бу кўрсаткич баланд бўлмаганлиги сабабли, нақд пуллар унинг харажатларига етади, нақд бўлмаган пуллар билан эса виртуал карта балансини ушлаб туриш мумкин. Шундай қилиб, у ишлаган пулларини нақдлаштириш ва Yandex Go виртуал ҳамёнини тўлдириш учун вақтни беҳуда сарфламайди.

«Уларни ечиб олиш учун менда миллионлаб пуллар йиғилмайди», — дея хулоса қилди такси ҳайдовчиси.

Yandex Go мижозларнинг қанча қисми хизматлар учун банк ўтказмаси орқали тўлашини маълум қилмади. Бироқ, ҳайдовчи Ильдарнинг кузатишларига кўра, «Комфорт» ва «Бизнес» тарифлари мижозлари кўпинча банк картаси билан тўлайдилар.

Yandex Go`нинг қайд этишича, саволлар туғилганда, ҳайдовчилар ҳар доим ўз автопаркига телефон орқали ёки ҳайдовчи иловасидаги қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилишлари мумкин.

«Мутахассисларимиз вазиятни тушунишга ва муаммони ҳал қилишда ёрдам беришга ҳаракат қилишади. Биз қўпол қоидабузарликлар содир бўлганда, масалан, ҳайдовчилар билан ҳисоб-китоб қилинмаётгани тўғрисида такрорий шикоятлар келиб тушганда, ҳамкор хизматларни хизматимиз билан ишлашдан узамиз», — дея маълум қилди компания вакили.