Ўзбекистон Россиядан газ импортини 1 мартдан бошламайди. Бу ҳақда «Газета.uz» сўровига биноан Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Ишчи гуруҳлар имзоланган „йўл харитаси“ доирасида ўрганишни давом эттирмоқда. Ҳозирча аниқ келишувга эришилмаган. Шу боис Россиядан Ўзбекистонга табиий газ импорти 1 мартдан бошланмайди», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Россиянинг «Газпром» компанияси 24 январь куни газ саноати соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни имзолаган. Бундан бир ҳафта олдин «Газпром» Қозоғистон билан ҳам шундай ҳужжат имзолаганди.

Ноябрь ойида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга «уч томонлама газ иттифоқи»ни тузишни таклиф қилгани маълум бўлган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг хабар беришича, ҳамкорликдан мақсад «мавжуд газ узатиш тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаб қолган ҳолда (бошқарув ҳуқуқини тўлиқ сақлаб) зарур ҳажмларда ички бозорга газ етказиб беришдир».

9 февраль куни томонлар Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиш масаласини муҳокама қилган. «Йўл харитаси»га кўра («Газета.uz» у билан танишишга муваффақ бўлди) 1 мартдан етказиб беришни бошлаш режалаштирилган эди.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, дастлаб Россия томони Россияда ишлаб чиқарилган табиий газни тескари тартибда, Қозоғистон орқали «Ўрта Осиё — Марказ» (CAC) қувури орқали етказиб беришни таклиф қилган.

Россия томонининг асосий шарти Ўзбекистон газ узатиш тизимини бозор қиймати бўйича «Газпром» тасарруфига ўтказиш эди. Бундай талаблар ушбу шартларга рози бўлмаган «Qazaqgaz» миллий компаниясига ҳам қўйилган. Россия томони илгари сурган иккинчи шарт Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқидан воз кечиш эди. Яъни «Газпром» шартномада Ўзбекистоннинг UzGasTrade компанияси ўрнига бўлишни таклиф қилган.

Куни кеча Қозоғистон 2023 йилда «Бухоро-Урал» газ қувурининг учинчи тармоғи қурилишини бошлашни режалаштираётганини маълум қилганди. Лойиҳанинг қиймати 95,6 миллион долларга баҳоланмоқда. Ўзбекистон томони етказиб бериш учун қайси газ қувури танланганини ҳозирча эълон қилгани йўқ.

«Ўрта Осиё — Марказ» магистраль газ қувурининг қуввати йилига қарийб 50 миллиард куб метр, «Бухоро-Урал» магистраль газ қувурининг қуввати эса қарийб 8 миллиард куб метрни ташкил этади.