24 февраль куни Қарши шаҳри «Насаф» кўчасида жойлашган автомобилларга газ қўйиш шохобчасида Nexia-3 машинаси портлади, деб хабар бермоқда Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси.

2019 йилда ишлаб чиқарилган, оқ рангли Nexia-3 газ баллонига газ қуйиш вақтида ёрилиш (портлаш) содир бўлган. Оқибатда автомобиль орқа қисми тўлиқ шикастланган. Ҳодиса жойида ёнғин содир бўлмаган ва жароҳат олганлар йўқ.

машина портлади, қашқадарё

Ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда автомобилларда газ баллонлари портлаши тез-тез содир бўлиб туради. Ўтган йилнинг август ойида Сирдарёда автобус портлаши оқибатида 6 киши ҳалок бўлганди. Ўша ойда Қашқадарёда Nexia машинасига ўрнатилган газ баллони, Жиззах вилоятида эса «Жигули» русумли автомашина портлаган. 2021 йилда 14 та портлаш ва 2 та ёнғин оқибатида 14 киши ҳалок бўлган, 9 киши жароҳатланган.

Сенатда бир неча бор газ баллонли автомашиналар хавфсизлиги ва уларга белгиланган меъёрдан ортиқ ёнилғи қуйиш масаласи кўтарилган ва бу борада ҳукуматга сўров ҳам юборилган. Сентябрь ойида Сенат автомобилга нормадан ортиқ ёнилғи қуйган шохобчаларни лицензиядан маҳрум қилишни таклиф қилган.