Ижтимоий тармоқларда бола ўғирлаш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақидаги хабарлар кўпайиб бораётгани муносабати билан Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Нилуфар Исахонова брифинг ўтказди.

Қайд этилишича, 2023 йил бошидан буён шу мазмундаги 6 та хабар тарқалди ва улар ўрганилди. Натижада хабарларнинг хеч бири ўз тасдиғини топмади.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги 5 йил давомида Тошкент шаҳрида бирорта ҳам бола ўғирлаш ҳолати қайд этилмаган.

Аммо болаларнинг йўқолиб қолиши билан боғлиқ ҳолатлар учраб туради. Хусусан, 2022 йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида 231 нафар вояга етмаган бола бедарак йўқолган, шундан:

  • 32 нафари 10 ёшгача бўлган;
  • 32 нафари 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган;
  • 167 нафари 14 ёшдан 18 ёшгача бўлганларни ташкил этган.

Таҳлилларга кўра, аксарият ҳолларда вояга етмаганлар ўз ихтиёри билан уйларини тарк этган. Юқоридаги ҳолатларнинг барчасида болалар топилиб, оилаларига қайтарилган.

Тошкент шаҳри ИИББ фуқаролардан асоссиз ва тасдиқланмаган хабарларни тарқатмаслик, ҳар қандай шубҳали вазиятда ҳудудий профилактика инспекторлари, мактабларга бириктирилган психолог-инспекторлар, туман ИИБ бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосарларига ёки энг яқин ички ишлар бўлимининг 102 рақамига мурожаат қилишларини сўради.

31 январь куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилгани ҳақида хабар берилганди. Шундан бери болаларга нисбатан зўравонлик, уларни ўғирлаш каби ҳолатлар жамоатчилик эътибор марказида турибди.

Хусусан, февраль ойи бошида пойтахтда мактабдан қайтаётган болаларни номаълум шахслар ўғирлаб кетмоқчи бўлгани айтилган видеохабар тарқалди. ИИВ эса хабарлар асоссиз эканини билдирди. Бу ҳолатда болалар машинага муз бўлагини тепган, автомобилдаги ўқувчи эса уларни ички ишларга олиб боришини айтиб қўрқитгани маълум бўлди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги мактаб яқинида эркак киши ёш боланинг қўлидан ушлаб тортгани ва бола ундан қочиб кетгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат ўрганилгач, жиноят ишлари бўйича туман суди 1994 йилда туғилган эркак спиртли ичимлик истеъмол қилиб, 2011 йилда туғилган болани тўхтатиб, уни савол-жавобга тутиб, қўлидан қўйиб юбормасдан, майда безорилик қилган деб топди ва 10 сутка қамоқ жазоси тайинлади.

Эркак эса ҳолатни: «Шошилиб югуриб кетаётганида тўхта, йиқилиб тушасан, деган маънода тўхтатгандим», — дея изоҳлади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри Яккасарой туманида 9 ёшли болани кекса аёл қоронғи жойга олиб боргани ва бола ундан қўрқиб қочиб кетгани ҳақидаги хабарларга ҳам аниқлик киритилди.

Унга кўра, кекса ёшдаги аёл боладан қўлидаги халталарни кўтаришда ёрдам беришини сўраган. Вояга етмаган А.А. кекса аёлга ёрдамлашган. Йўлда номаълум эркакни кўриб қолгач, бола қоронғи тушганини айтиб, уйи томонга югуриб кетган. Кекса аёл ва номаълум эркак томонидан унга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаган деб топилган.

Яна бир ҳолатда эса Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида 3 нафар аёл бола ўғирламоқчи бўлгани рад этилган. Вилоят ИИББ аёллар дори сотиб юргани ва маҳаллий аҳоли улардан шубҳа қилганини билдирган.