Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчилари ўғирлаб кетилаётгани айтилган видеохабарлар тарқалди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Аниқланишича, 1 февраль куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 113-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ф.Н. бошқарувидаги автомашинага 132-сонли мактаб ўқувчилари Г. Б. ва С.Н. муз бўлагини тепган.
Шундан сўнг 11-синф ўқувчилари муз бўлагини тепган болаларни ички ишларга олиб борамиз, деб уларни оғзаки қўрқитган. Болалар бошқа бундай қилмаслигини айтиб, уйига кетган, — дейилади вазирлик баёнотида.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда болалар ота-онаси билан бирга. Автомашинани бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ўқувчиларнинг ота-онаси билан эса ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик юзасидан профилактик суҳбат ўтказилган.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Оила ва хотин-қизлар бошқармаси Янгиҳаётда 12 ёшли қизнинг мурдаси зўрлик ва қотиллик аломатлари билан топилганидан сўнг ота-оналарга мурожаат қилганди. Бошқарма улардан фарзандларининг мактабга бориш-келишида ҳамроҳлик қилишни ҳамда доимо алоқада бўлишни сўраган.