Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда эркак киши ёш боланинг қўлидан ушлаб тортгани ва бола ундан қочиб кетгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

19 февраль куни тахминан соат 12:35 атрофида туманнинг Авиасозлар-2 даҳасидаги 151-сонли умумий ўрта таълим мактабида номаълум шахс шу мактаб ўқувчиси — 2011 йилда туғилган М.О.ни тўхтатган.

Қўлидан ушлаб, шу мактабда ўқиш-ўқимаслигини сўраган. Вояга етмаган М.О. бу шахсни танимагани сабабли у билан гаплашмаслигини билдириб, қўйиб юборишини айтган, сўнг уйига кетган.

«Бола ҳозирда ота-онасининг ёнида соғ-саломат ҳолатда. Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.

Ўрганишлар жараёнида видеода акс этган шахс 1994 йилда туғилган М.У. экани аниқланди. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида пойтахтда мактабдан қайтаётган болаларни номаълум шахслар ўғирлаб кетмоқчи бўлгани айтилган видеохабар тарқалганди. Аммо кейинроқ ИИВ ҳолатга аниқлик киритган ва хабарлар асоссиз эканини билдирган.