Ижтимоий тармоқларда Оҳангарон шаҳрида бола ўғрилари ушлангани айтилган видео тарқалганди. Ҳолат Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, 20 февраль куни 3 аёл ҳашаротларга қарши дори сотиш мақсадида Оҳангарон шаҳрига борган.

«Жараёнда уларнинг хатти-ҳаракатидан маҳаллий аҳоли шубҳаланиб (аёллар бола ўғирламоқчи, дея видеога олиб), ҳудудий ИИБга хабар берган. Интернетда тарқатилган ушбу хабар мазмунан ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади муносабатда.

ИИББ ахборот хизмати аёлларнинг шахсига аниқлик киритилганини билдирди. Улар 1985 йилда туғилган Д.Ш. ҳамда М.К. ва Д.Қ. экани, Тошкент шаҳрида яшаши маълум бўлди. Аёлларнинг фаолиятини ўрганиш учун солиқ органи жараёнга жалб қилинган.

Бола ўғирлаш бўйича рад этилган ҳолатлар

31 январь куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилгани ҳақида хабар берилганди. Шундан бери болаларга нисбатан зўравонлик, уларни ўғирлаш каби ҳолатлар жамоатчилик эътибор марказида турибди.

Хусусан, февраль ойи бошида пойтахтда мактабдан қайтаётган болаларни номаълум шахслар ўғирлаб кетмоқчи бўлгани айтилган видеохабар тарқалди. ИИВ эса хабарлар асоссиз эканини билдирди. Бу ҳолатда болалар машинага муз бўлагини тепган, автомобилдаги ўқувчи эса уларни ички ишларга олиб боришини айтиб қўрқитгани маълум бўлди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги мактаб яқинида эркак киши ёш боланинг қўлидан ушлаб тортгани ва бола ундан қочиб кетгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат ўрганилгач, жиноят ишлари бўйича туман суди 1994 йилда туғилган эркак спиртли ичимлик истеъмол қилиб, 2011 йилда туғилган болани тўхтатиб, уни савол-жавобга тутиб, қўлидан қўйиб юбормасдан, майда безорилик қилган деб топди ва 10 сутка қамоқ жазоси тайинлади.

Эркак эса ҳолатни: «Шошилиб югуриб кетаётганида тўхта, йиқилиб тушасан, деган маънода тўхтатгандим», — дея изоҳлади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри Яккасарой туманида 9 ёшли болани кекса аёл қоронғи жойга олиб боргани ва бола ундан қўрқиб қочиб кетгани ҳақидаги хабарларга ҳам аниқлик киритилди.

Унга кўра, кекса ёшдаги аёл боладан қўлидаги халталарни кўтаришда ёрдам беришини сўраган. Вояга етмаган А.А. кекса аёлга ёрдамлашган. Йўлда номаълум эркакни кўриб қолгач, бола қоронғи тушганини айтиб, уйи томонга югуриб кетган. Кекса аёл ва номаълум эркак томонидан унга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаган деб топилган.