Ижтимоий тармоқларда Жиноят кодексининг икки моддасидаги жиноятларни содир этганликда гумонланиб, ҳибсга олинган блогер Абдуқодир Мўминовнинг тергов вақтида қийнаб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га Абдуқодир Мўминовнинг вафоти ҳақидаги хабарлар фейк эканлигини таъкидлади. «Мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. А.Мўминов тирик ва соғлом», — дейди у.

Абдуқодир Мўминовнинг собиқ адвокати Бобир Мукадамовнинг Facebook саҳифасида ёзишича, блогер айни пайтда соппа-соғ.

«Товба! Тирик, соппа-соғ одамни ўлдига чиқаришадия. Ҳозир гаплашдим терговчи билан. Соғ-саломат, келиб кўриб кетишингиз мумкин дейишди», — дея ишонтирди у.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Абдуқодир Мўминов унинг хизматларидан воз кечган. «Негадир ҳаммага шубҳа билан қараяпти. Ўзимни мақташмасу, мен уни аниқ ҳимоя қила олган бўлардим», — дейди Бобир Мукадамов.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Мўминов Жиноят кодексининг 2 моддаси билан айбланиб, процессуал тартибда ушлангани ҳақида хабар бергандик.

ИИВ матбуот котибига кўра, Тошкент шаҳри ИИББга фуқаро Э.З. ариза билан мурожаат қилиб, блогерлик билан шуғулланувчи Абдуқодир Мўминовнинг ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Мурожаат асосида текширув ўтказилган.

Мўминов 2021 йил октябрь ойида танқидий видеолавҳалар тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали фуқаро Э.З.нинг укаси Д.Ю.нинг номига расмийлаштирилган МЧЖ билан боғлиқ ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишини ижобий ҳал этишга ИИБ ходимларини гўёки мажбур қила олишини айтиб, шу орқали Э.З.нинг ишончига киргани айтилмоқда.

ИИВ маълумотида у ўз хизматлари учун жами 10 000 доллар сўраб, шундан 3800 долларни олдиндан олгани, лекин берган ваъдасини бажармай, олган пулларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборгани келтирилмоқда.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг октябрь ойида блогер Жиззах вилоятида фуқаро А.Т. билан учрашиб, унинг раҳбарлиги остидаги ташкилот тўғрисида салбий йўсинда видеолавҳа тайёрлагани, бу материални ўзининг «Кўзгу» номли ижтимоий тармоқ саҳифаси орқали тарқатадиган бўлса, ташкилот раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинишини айтгани иддао қилинмоқда. Шунингдек, А.Т.ни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, ундан ушбу маълумотларни сир сақлаши учун 70 000 доллар сўрагани вазирлик хабарида айтиб ўтилган.

Фуқаро А.Т. ўз кўрсатувларининг тасдиғи сифатида А.Мўминов билан ўртасидаги сўзлашувлар аудиоёзувини тақдим этган ва унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган, — дейилади вазирлик баёнотида.

Ҳолатлар юзасидан унга нисбатан шаҳар ИИББ тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 165-моддаси (Товламачилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган ва процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида Абдуқодир Мўминов номаълум шахслар томонидан унга ҳужум уюштирилгани, машинасининг олд ойнаси бита билан синдирилгани ҳақида хабар берганди. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ блогерга қилинган ҳужум юзасидан «босқинчилик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.