Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов фармони билан ёрдам сифатида юборилган бепул суюлтирилган газ ортилган вагонлар Ўзбекистонга етиб келди, дея хабар берди «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати.

Икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик, дўстлик ва қардошлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дўстона ва биродарлик билан қўллаб-қувватлаш мақсадида юборилган газ Қорақалпоғистон аҳолисига тарқатилмоқда.

«Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Туркманистондан жами 2 минг тонна суюлтирилган газ келтирилган. Шундан минг тонна Қорақалпоғистонга, қолган минг тонна Хоразм вилояти аҳолисига тарқатилиши режа қилинган.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги газ партияси эҳтиёжманд оилаларга бепул тарқатилишини билдирганди. Ўзбекистон томони бунга жавобан қўшни мамлакатга 20 та Volkswagen Caddy «Тез ёрдам» машинаси жўнатган.

Декабрь-январь ойларида Ўзбекистон ҳарорат кескин совиб кетиши, газ ва электр энергияси истеъмоли ортиши сабабли энергетика инқирозига дуч келди. Мамлакатда газ қуйиш шохобчалари ёпилди, электр энергияси узилиб қолди ва узилишлар таъсирини юмшатиш учун бошқа чоралар кўрилди.

Хусусан, Ўзбекистон Туркманистон билан тўғридан-тўғри (Россия иштирокисиз) қишда 1,5 миллиард куб метр газ импорти бўйича келишувга эришганди.

Туркманистондаги «Галкиниш» конида юз берган авария ва Ўзбекистонга газ етказиб беришда кузатилган узилишлар сабаб «Туркмангаз» концернида бир неча киши ҳибсга олинган. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги узилиш учун Туркманистондан компенсация талаб қилингани ҳақидаги хабарни рад этган.