Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистонга суюлтирилган газни ёрдам сифатида бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда шанба куни мамлакат телевидениесининг «Ватан» ахборот дастурида хабар берилди.

Ҳужжатда «Туркмангаз» давлат концернига «дўстлик ва биродарлик ёрдами сифатида Ўзбекистонга тегишли ҳажмдаги суюлтирилган газ етказиб бериш» топширилгани келтириб ўтилган.

Шу билан бирга, суюлтирилган газ ҳажми аниқ кўрсатилмаган. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ҳозирча «Газета.uz» сўровига жавоб бермади.

Декабрь-январь ойларида Ўзбекистон ҳарорат кескин совиб кетиши, газ ва электр энергияси истеъмоли ортиши сабабли энергетика инқирозига дуч келди. Мамлакатда газ қуйиш шохобчалари ёпилди, электр энергияси узилиб қолди ва узилишлар таъсирини юмшатиш учун бошқа чоралар кўрилди.

Хусусан, Ўзбекистон Туркманистон билан тўғридан-тўғри (Россия иштирокисиз) қишда 1,5 миллиард куб метр газ импорти бўйича келишувга эришди.

Декабрь ойи бошида президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков топшириғига асосан 2023 йилнинг 1 мартигача давлат муассасасига қарашли машиналарга газдан фойдаланишни вақтинча тақиқланган. Шунингдек, 2 ой муддатга Аи-80 бензини импорти ва уни чакана сотиш учун акциз солиғи ундириш бекор қилинган.