Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Буюк Ипак йўли кўчасида жойлашган Беларуснинг Milavitsa ички кийим бренди дўкони пайшанба куни моделларнинг суратларини витринага қайтариб, уларнинг айримларини алмаштирди.

Бу бўйича ижтимоий тармоқларда маълумотлар пайдо бўлди. «Газета.uz»га компания раҳбарияти суратлар қайтарилганини тасдиқлади, аммо изоҳ беришдан бош тортди.

Бир кун аввал интернетда дўкон танқид остига олингани, фотосуратлардаги моделлар «фоҳишалар» деб аталган видео жойлаштирилгандан сўнг дўкон суратларни олиб ташлашга мажбур бўлгани ҳақида ёзгандик. Дўкон раҳбари суратлар туман ҳокимлигининг илтимосига кўра олиб ташланганини айтган.

У ерда, ўз навбатида, бундай суратлар намойиш этилишига йўл қўйиб бўлмаслиги ва дўкон билан «тушунтириш суҳбати» ўтказилгани айтилган.

Пайшанба куни туман ҳокимлиги дўкон раҳбариятига босим ўтказмаганини ва уларга ҳеч қандай топшириқ бермаганини билдирган.