«Ёшлик» киностудияси ва Хorazmcinema ҳамкорлигида XX асрнинг 20 йилларида Германияда ўқиган ўзбек талабаларидан Марям Султонмуродовага бағишланган «Матонатли Марям» фильми суратга олинмоқда. Бу ҳақида Кинематография агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу фильм тўлиқ метражли, драма жанридаги бадиий фильм бўлиб, сценарий муаллифи Рўзибой Кулматов, постановкачи режиссёр Умрбек Рўзимов, бадиий раҳбар Мансур Васати ҳисобланади.

Маълум қилинишича, фильмда 1922 йилда туркистонлик жадидлар ташаббуси билан Германияга ўқишга юборилган хоразмлик Марямхон Султонмуродованинг тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Марямхон отаси — «Ёш хиваликлар» ҳаракатининг йўлбошчиларидан бўлган Хоразм Халқ Республикаси муваққат раҳбари Жуманиёз Султонмуродовнинг тараққийпарварлик ғоялари таъсирида улғаяди. Шу сабаб тўсиқларга қарамай, Германияга бориб ўқишга интилади ва бунинг уддасидан чиқади.

Aйни пайтда мазкур тарихий-бадиий фильмни суратга олиш бўйича локациялар ўрганилмоқда.