Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси хабарига кўра, Туркияда содир бўлган даҳшатли зилзиладан сўнг қидирув-қутқарув ишлари давомида яна икки нафар ўзбекистонлик топилди.

Улар Хатай вилоятидан топилган чирчиқлик Асал Шотирбекова (1982 йилда туғилган), Малатя шаҳрида қутқарувчилар томонидан топилган Акрамжон Ҳошимов (1996 йил). Уларга тиббий ёрдам кўрсатилади.

Аввалроқ Қаҳрамонмарашдаги вайроналар остидан Рашид Бойбеков топилгани, у касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди.

Бир кун аввал эса Туркиядаги вайронкор зилзилалар зонасида бедарак йўқолган13 нафар Ўзбекистон фуқароси қидирилаётгани маълум қилинган эди. Малатя вилоятида эса 1 нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этгани маълум бўлди.

Ўзбекистон Туркияга ўз қутқарув гуруҳини юборган. Улар Ҳатай вилоятида маҳаллий ўзбеклар яшайдиган аҳоли пунктида иш олиб бормоқда. Чоршанба куни эрталаб Ўзбекистон қутқарувчилари вайроналар остидан тўққиз кишини — беш эркак ва тўрт аёлни қутқаргани ҳақида хабар берилди. Бундан ташқари, 12 кишининг жасади топилган.

Айни дамда Туркия жануби-шарқидаги зилзилалар оқибатида 8574 киши ҳалок бўлгани, 49133 киши жароҳат олгани маълум.