Қаҳраманмараш вилоятида бедарак йўқолган Ўзбекистон фуқароси Рашид Бойбеков топилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Туркиядаги элчихонаси хабар берди.

Келтирилишича, қутқарувчилар томонидан вайроналар остидан олиб чиқилган фуқаро ҳозирда Şütçü İmam Üniversitesi Tıp Fakültesi шифохонасига жойлаштирилган ва биринчи ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, Истанбулдаги Бош консулхона ходимлари Туркиянинг зилзила бўлган ҳудудларида (Кайсери ва Малатья) жойлашган миграция хизмати бошқармалари ва депортация марказлари масъул ходимлари билан телефон орқали боғланди.

Турк томонига кўра, депортация марказларида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари орасида табиий офат сабабли жабрланганлар мавжуд эмас, зилзила оқибатлари муносабати билан улар хавфсиз ҳудудларга кўчирилган. Айни вақтда улар учун вақтинча кўчма шохобчалар қурилиб, яшаш учун шароит яратилган.

Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг зилзила содир бўлган ҳудудларида 13 нафар Ўзбекистон фуқаросини қидириш ишлари бошланганди. Икки киши билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлинган. Малатья провинциясида бир нафар Ўзбекистон фуқароси эса зилзила оқибатида ҳалок бўлган.

Туркияга кетган ўзбекистонлик ФВВ ходимлари тонггача вайроналар остидан 21 кишини чиқариб олганди. Уларнинг 12 нафари вафот этган. Қолганлари турли тан жароҳатлари олган.