Ўзбекистонда ҳар ойда камида бир маротаба Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳукумат аъзолари иштирокида «Ҳукумат куни»ни ўтказиб бориш амалиёти йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда 2023 йилги давлат дастури лойиҳасида таклиф киритилди.

Ундан ҳукуматнинг ҳудудлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсад қилинган.

Бунинг учун, аввало, «Ҳукумат куни»ни ҳудудлар кесимида ўтказиш бўйича режа-графикни ва унда иштирок этувчи мансабдор шахслар рўйхатини тасдиқлаш режалаштирилмоқда. Шундан сўнг «Ҳукумат куни» доирасида муҳокама қилинадиган муаммоларни таҳлил қилиш ва уни ҳукумат аъзоларига ўрганиш учун етказиш бўйича соҳалар кесимидаги доимий ишчи гуруҳлар тузилади. Кейин «Ҳукумат куни»ни ўтказиш тартиби тасдиқланади.

Агар мазкур давлат дастури тасдиқланадиган бўлса, банд ижроси бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси шу йилнинг апрель ойига қадар ишлаб чиқилиб, қабул қилиниши керак. Унинг ижрочилари — Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари. Ижро устидан назорат эса президент Администрациясига топширилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилги давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси 17 февралга қадар давом этади. Унда regulation.gov.uz портали ёки Тараққиёт стратегияси сайти орқали таклиф қолдириш мумкин.