2022 йилда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси мурожаат қилган Ўзбекистон фуқароларининг 47,04 фоизига «B» тоифали визалар (сайёҳлик ва бизнес визалари) беришни рад этган. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида айтилди.

Бу ўзбекистонликларнинг 45,98 фоизига виза берилмаган 2021 йилдаги рақамларга қараганда ёмонроқ кўрсаткич, аммо пандемия бошланган 2020 йил (74,14 фоиз), 2019 йил (68,06 фоиз), 2018 йил (61,76 фоиз) ва 2017 йилдагидан (50,29 фоиз) яхшироқ ҳисобланади.

2022 йил якунига кўра, Марказий Осиё мамлакатларида Ўзбекистон визани рад этиш бўйича Тожикистондан кейин иккинчи ўринда қайд этилди, бунда 57,03 фоиз ҳолларда рухсатнома берилмаганини кўриш мумкин. Қирғизистонда рад этишлар улуши 37,85 фоизни, Қозоғистонда 44,02 фоизни, Туркманистонда 35,69 фоизни ташкил этди.

МДҲнинг бошқа давлатларида визалар кўпроқ берилади: Озарбайжон — 23,54%, Беларусь — 26,05%, Россия — 26,18%, Арманистон — 37,87%, Украина — 41,27% (ўтган йили 15,15% эди).

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Дэниел Розенблюм 2019 йилда ўзбекистонликлар кўпинча визани муддатидан ўтказиб юборишини таъкидлаганди.

«Шунинг учун биз ҳар бир одамни батафсил ўрганишимиз ва унинг визаси муддатидан ўтиб кетмаслигига ва мамлакатда ноқонуний муҳожир бўлиб қолмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак», — дея таъкидлаганди дипломат.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил давомида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси консуллик бўлими бутун дунё бўйлаб турли миллатларга мансуб иммигрантлар учун тасдиқланган визалар (5511) сони бўйича бешинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўринда Миср (5529) ва Жазоир (5526) турибди.