Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари томонидан Ўзбекистонда 2035 йилгача бўлган давр учун аҳоли сони прогнозларининг ижтимоий соҳа ва электр энергияси таъминотига таъсири ўрганилди.

Тадқиқотларга кўра, 2035 йилга бориб, мамлакат аҳолиси 45,6 млн кишидан ошиши кутилмоқда. Ушбу йилгача бўлган даврда ҳар йили ўрта ҳисобда 900−950 минг гўдак дунёга келади.

3−6 ёш оралиғидаги болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси 90 фоизга етиши кутилаяпти ва бунинг учун мактабгача таълим муассасаларида 1264 минг нафар бола учун янги ўринлар ташкил этиш зарур.

Прогнозларга кўра, 2035 йилга бориб, 7−17 ёш оралиғидаги болалар сони 9,7 млн нафардан зиёдроқни ташкил этади. Бу эса мактабларда қўшимча 8,2 млн ўқувчи ўрнини яратишни талаб қилади.

2035 йилга бориб, амбулатор-поликлиникалар сонини 8450 бирликка (2022 йил бошида 6676 та) етказиш зарур.

Бундан ташқари, ушбу давргача аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби эса ҳар йили 5−5,3 фоизга ошиши кутилмоқда. Аҳоли ва умуман иқтисодиётнинг ўсиб бораётган талабини қондириш учун 2030 йилгача энергия қувватини мавжуд даражага нисбатан камида 1,7 баробар оширишни тақозо этмоқда. Талабнинг тахминан 8−10 фоизини ташкил этадиган мавжуд тақчиллик тўлдирилиши билан ўсиб бораётган аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби 2035 йилгача бўлган даврда тахминан 6,2−6,5 фоиз ўсади.

ПМТИ мутахассислари тадқиқот натижаларига кўра қатор таклифларни ҳам берди. Хусусан, давлат қарзи ортиб бораётган шароитда фискал юкни енгиллаштириш мақсадида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида хусусий иштирокчилар билан тизимли иш олиб бориш, уларга лицензия ва бошқа рухсатномаларни бериш тартибини соддалаштириш керак.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгаши аъзолари бюджет маблағларини тақсимлаш ва ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини ўрта муддатли режалаштиришда демографик ривожланиш прогнозларини ҳисобга олиши зарур.

Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида халқаро ва маҳаллий иштирокчилар, шунингдек, тегишли технологияларни етказиб берувчилар Ўзбекистонга сармоя киритиш борасидаги қарорларни қабул қилишда демографик прогнозларни инобатга олган ҳолда, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларига ўрта муддатли талаб мавжуд эканига ишончи комил бўлиши мумкин.

«Демографик юкнинг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда энергетика тизимларини бошқариш ва ривожлантириш борасида мутлақо янги ёндашувларни ишлаб чиқиш талаб этилади. Миллий энергетика тизимини имкон қадар тезроқ ядро, водород ва бошқа муқобил „яшил“ технологиялардан фойдаланишга асосланган янги технологик платформа параметрларига интеграциялашнинг долзарблиги ортиб бормоқда», — дейилади ҳисоботда.

Узоқ муддатли истиқболда аҳолини ресурслар билан барқарор таъминлашнинг омили сифатида энергетика, сув ва ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни мувофиқлаштирилган ҳолда, босқичма-босқич ўтказиш тавсия этилади.