Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув ҳавзаси ҳудудида тегишли ташкилот ходимлари билан назорат рейд тадбирлари ўтказилди, дея хабар бермоқда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати.

Рейд тадбирлари давомида 6 нафар фуқаро ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузган ҳолда жами 48 дона балиқни овлагани аниқланди.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 1-қисми (Ов қилиш ва балиқ овлашнинг тақиқланган қуролларини ёки воситаларини тайёрлаш, олиб кириш, сақлаш, ташиш ёки юбориш, олиш ёхуд сотиш) билан БҲМнинг 10 баробари миқдорида — жами 18 млн сўм жаримага тортилди. Овланган 48 дона балиқ учун ҳайвонот дунёсига етказилган 11 млн 670 минг сўм зарар миқдори ҳисобланди.