Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган, Бухоро вилоятида бир куннинг ўзида «Цинепар» сиропини ичган 23 нафар бола вафот этгани айтилган хабарларни рад этди.

Вазирликнинг таъкидлашича, бу маълумотлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга зид. Ўрганишлар давомида вилоятдаги тиббиёт муассасаларида даволанган болаларда ушбу препаратни қабул қилиш туфайли ҳеч қандай ўлим ҳолати кузатилмагани маълум бўлган.

Ўз навбатида, вазирлик фуқароларга ҳар қандай дори воситасидан шифокор кўрсатмасисиз ва ўзбошимчалик билан фойдаланмасалик зарурлигини эслатиб ўтди.

Бош прокуратура эса аҳоли орасида ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини билдирди.

Маълумот учун, ушбу сиропнинг ишлаб чиқарувчиси Marion Biotech бўлиб, компаниянинг бошқа бир сиропи «Док-1 Макс»дан Ўзбекистонда камида 20 нафар бола вафот этган. Айни вақтда эса Ўзбекистонда Marion Biotech компаниясининг барча турдаги дорилари савдоси тўхтатилган.

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатларни Гамбия, Индонезия ва Ўзбекистонда 300 дан ортиқ бола ўлимига сабаб бўлган сиропларга қарши курашишга чақирганди.