Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2022 йил охирида авж олган, йўталга қарши сироплар билан боғлиқ ўлимлардан сўнг болаларни зарарланган дори-дармонлардан ҳимоя қилиш учун «зудлик билан ва келишилган ҳолда» чоралар кўришга чақирди.

Баёнотда сўнгги тўрт ой ичида мамлакатлар таркибида меъёрий миқдордан юқори даражадаги диэтиленгликоль ва этиленгликоль борлиги тасдиқланган, рецептсиз берилган сиропларнинг бир нечта акс таъсирлари ҳақида хабар бергани келтирилган. Бундай ҳолат камида еттита давлатда кузатилган бўлиб, уларнинг учтасида 300 дан ортиқ ўлим қайд этилган. Вафот этганларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган болалардир.

Юқорида номи келтирилган моддалар заҳарли бўлиб, улар ҳатто оз миқдорда қабул қилинганда ҳам ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин ва ҳеч қачон дори воситаларида ишлатилмаслиги керак.

Мамлакатлар ҳисоботларига асосланиб, ЖССТ ушбу ҳодисалар бўйича учта глобал тиббий огоҳлантириш эълон қилди. Улар Гамбия, Индонезия ва Ўзбекистондаги ҳолатларга қаратилган.

ЖССТнинг тиббий маҳсулот ҳақида огоҳлантиришлари ташкилотга аъзо барча 194 давлатнинг миллий соғлиқни сақлаш органларига юборилган. Ушбу тиббий маҳсулот ҳақида огоҳлантиришларда қуйидагилар кўзда тутилган, жумладан:

  • зарарланган дори воситаларини муомаладан олиб ташлаш;
  • агар ушбу сифатсиз маҳсулотлар мамлакатда аниқланган бўлса, ЖССТга токсик таъсир тўғрисида хабар бериш.

ЖССТ тартибга солувчилар ва ҳукуматларни қуйидагиларга чақиради:

  • ЖССТ тиббий огоҳлантиришларида юқорида қайд этилган ўлим ва касалликларнинг потенциал сабаблари сифатида белгиланган ҳар қандай сифатсиз тиббий маҳсулотларни аниқлаш ва уларнинг тегишли бозорларида муомаладан олиб ташлаш;
  • ўз бозорларидаги барча тиббий маҳсулотлар ваколатли органлар томонидан сотиш учун рухсат этилганини ва ваколатли/лицензияланган етказиб берувчилардан олинишини таъминлаш;
  • халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ ўз ваколатлари доирасидаги ишлаб чиқариш объектларини текширишни такомиллаштириш;
  • сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларини ишлаб чиқариш, тарқатиш ва/ёки улардан фойдаланишга қарши курашиш, зарур ҳолларда, қонунлар ва бошқа тегишли ҳуқуқий чораларни қабул қилиш ва амалга ошириш.

Аввалроқ ЖССТ «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропларининг сифат стандартларига мос келмаслиги ҳақида огоҳлантириш эълон қилганди. Бу Ўзбекистонда камида 20 нафар боланинг ўлими билан боғлиқ бўлиб, ўша пайтда ишлаб чиқарувчи компания — Marion Biotech ташкилотга сифат кафолати бўйича ҳужжат тақдим этмаган.