Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 15 декабрдаги ҳисоботига кўра, бир кун аввал — 14 декабрь куни Ўзбекистонда 134 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган. Бу вазирликнинг Ўзбекистондаги ковид статистикасига доир сўнгги ахбороти бўлди. ССВ шундан бери — бир ойдан ортиқ даврдан буён — мамлакатдаги коронавирусга чалиниш билан боғлиқ рақамларни эълон қилмаяпти.

Халқаро пресс-клубнинг 18 январь куни бўлиб ўтган сессиясида ушбу ҳолат бўйича «Газета.uz» мухбирининг саволига жавоб бераркан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭС) бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков ковидга доир статистик маълумотлар ССВ, СЭС ва АОКАнинг тармоқлардаги саҳифаларида бериб борилаётганини таъкидлади.

Мухбирнинг ковидга доир статистик рақамлар 2022 йил 15 декабрдан буён бирор бир расмий манбада эълон қилинмаётганини такроран таъкидлаганидан сўнг, СЭС бошлиғи ўринбосари шундай деди:

«Ҳозир Ўзбекистон шароитида кунига 20 га яқин бемор рўйхатга олиняпти. Зангиотадаги коронавирус касалхонасида бор-йўғи 400 бемор даволаняпти. Карантинга олинганлар сони ҳам кундан-кунга камайиб боряпти. Вазият барқарор бўлганлиги учун, бу каби ахборотлар билан одамларга ортиқча юклама бермаслик нуқтайи назаридан, эҳтиёж сезмаётгандек ҳис қиляпмиз».

Шундан сўнг Нурмат Отабеков мухбир сўраган «ахборот тақдим этиб борилаётгани»ни яна такрорлади. Айни вақтда, у «бунга яна аниқлик киритиб, мабодо қаердадир узилиш бўлган бўлса, бу жараённи қайтадан тиклаш ёки эътиборли бўлиш бўйича масъулларни масъулиятга чақириши»ни ҳам маълум қилди.

Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда кунлик касалланиш ҳолатлари кескин камайганлиги учун ковидга доир статистик маълумотларни эълон қилиш тўхтатилганини билдирди.

Қайд этиш жоиз, 2022 йилнинг декабрь ойида ССВ маълумотлари бўйича кунига ўртача 100−120 та касалланиш қайд этилаётган эди. Ковид билан боғлиқ вазият декабрдагидан барқарорроқ бўлган 2022 йил баҳорида эса кунига 5, 3 ва ҳатто 1 та касалланиш қайд этилганида ҳам ахборот берилиши тўхтатилмаган эди.

Бунга жавобан ССВ матбуот котиби шундай деди: «Бу статистика ҳозир ҳеч кимга қизиқ эмас. Қолаверса, ҳозир аксарият давлатлар ҳам коронавирус статистикасини эълон қилмаяпти».

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига доир Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилиб келинган статистик рақамларнинг ҳаққонийлигига пандемия бошидан бери шубҳа билан қаралади. Бу шубҳалар мамлакатда «ортиқча ўлим» ҳолатлари кескин ошганидан сўнг қисман тасдиқланган эди.