Тошкентда газ қувурларининг ўтказувчанлик имконияти оширилиши ва об-ҳаво шароитининг яхшиланиши муносабати билан газ босими ошиши кутилмоқда, дея «Газета.uz»га маълум қилди «Ҳудудгазтаъминот» компанияси.

Пойтахтнинг бир қатор туманлари аҳолиси газ босими ошганини «Газета.uz»га тасдиқлади, тармоқда ҳам шу каби хабарлар пайдо бўлди.

Аҳолидан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун газ истеъмол қилувчи ускуналар (иситиш қозонлари, газ плиталари ва бошқалар)ни текшириб туриш сўралмоқда.

«Аҳолидан газдан фойдаланиш бўйича хавфсизлик қоидаларига риоя этишларини сўраймиз. Газ 3- ва 5-иссиқлик марказларига йўналтирилмоқда. Уларга газ таъминоти ходимлари ҳам бириктирилган», — дейилади компания ахборотида.

Газ босими Шайхонтоҳур, Олмазор, Учтепа ва Чилонзордан бошлаб барча туманларда ошиши кутилмоқда.

Аввалроқ «Ўзгидромет» Ўзбекистонда ўтган ҳафтада кузатилган аномал совуқ об-ҳавони белгилаган Қозоғистон устидаги совуқ антициклон заифлаша бошлагани ҳақида хабар берган эди. Ҳафта ўрталарига келиб ҳаво ҳарорати кундузи −3…+2 даражагача кўтарилиши, тунги ҳарорат эса −8…−13 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.