Тошкентдаги барча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар савдо марказлари ва истирохат боғлари қисқартирилган иш режимига ўтказилади, дея хабар қилди пойтахт ҳокимлиги.

Қарор ҳаво-ҳароратининг кескин пасайши даврида аҳоли хонадонларига электр ва газ таъминотини узлуксиз етказиш мақсадида қабул қилинди.

Унга кўра, барча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар савдо марказлари ва истирохат боғлари иш фаолиятини эрталаб соат 10−00 дан 17−00га қадар амалга ошириши лозим.

Шаҳардаги озиқ-овқат дўконлари ва умумий овқатланиш корхоналари учун чеклов татбиқ этилмайди.

Иш вақтидан сўнг барча электр асбоблари, иситиш ускуналарини ўчирилган ҳолда электр ва газ истеъмолини тўхтатиш талаб этилади.