Сенаторлар лотин алифбоси бўйча малака оширишни бошлади, дея хабар бермоқда Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази.

Ушбу машғулотлар Вазирлар Маҳкамасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алибосига босқичма-босқчи тўлиқ ўтишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси асосида ўтказилмоқда.

2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилиши керак эди. Расмий веб-сайтлар, маҳаллий ОАВ, интернет сайтлари, расмий ҳужжатлар ва иш қоғозлари ҳам тўлиқ лотин ёзувига ўтказилиши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокама учун ҳам лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида эълон қилиниши керак эди.

Йил бошланганидан буён қарор ижроси қатор вазирликлар ва идоралар томонидан татбиқ этилмаган. Бироқ янги йилни лотин алифбосида бошлаган ташкилотлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Табиат ресурслари вазирлиги (Экология қўмитаси) ва бошқа матбуот хизматлари ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини лотин алифбосида юрита бошлади.

Журналист Илёс Сафаров ўзининг Telegram каналида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш бўйича «ҳукумат қарори талабларини бир тийинга олмаётган вазирлик ва идоралар»ни ёзиб қолдирди.

«Бу — ҳукумат қарори кучга кирган ва бош вазирнинг шу қарор бўйича вазирликларга қўшимча топшириқлари берилганига 1 йил ўтгандан кейинги вазият. Ҳукумат қарори талабларини ўз тизимидаги вазирликларга бажартирмай туриб, унинг ижросини бошқалардан сўрашга ҳаққи бормикин?!» — деб ёзади журналист.