Ҳукумат қарори билан Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. Бу ҳақда Huquqiy Axborot расмий канали хабар бермоқда.

Унга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий қилинади.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лотин ёзувидаги ўзбек алифбосининг янги таҳрири асосида «Ўзбек тилининг имло қоидалари»ни тасдиқлаш бўйича ҳукумат қарори ишлаб чиқилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштириш учун тақдим қилинган лойиҳалар давлат тили қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланганлиги текширилгандан кейин муҳокамага чиқарилади.

Бундан ташқари, расмий веб-сайтлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтказилади.

Шунингдек, қуйидагиларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши таъминланади:

  • шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар, ID-карталар, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномалари;
  • иш қоғозлари, турли бланклар;
  • мамлакатдаги жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар.

Бундан ташқари, марказий, маҳаллий босма ва электрон ОАВ, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолияти тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилади.