Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев 9 ноябрь куни Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтган Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этилган «Диққат марказида — Марказий Осиё. Иқтисодиёт ҳақида суҳбат» халқаро конференциясида иштирок этди.

«Дўстлик» ордени соҳиби, Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши аъзоси, CLAAS мустақил маслаҳатчиси Удо Фёлькер, Ўзбекистондаги маҳаллийлаштириш ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, эндиликда ушбу мамлакатда ишлаб чиқаришни ташкил этиш истагида бўлганлар учун 25% атрофида маҳаллийлаштириш даражасига эришиш талаб этилмоқда.

«Бу ерда сифат қандай таъминланади? Контейнерли кранларга келсак, яқинда Ўзбекистондан келтирилган кранларнинг сифатини таҳлил қилдим. Биз бундан ҳам каттароқ, масалан, хавфсизлик муаммолари борлигини аниқладик. Маҳаллийлаштириш — албатта, пулни тежаш масаласидир. Ва бу ҳам потенциал экспорт масаласидир, аммо экспорт учун сифат кафолати талаб қилинади. Сиз немис техник идоралари бу борада сизга ёрдам бериши мумкин деб ўйлаганмисиз?» — сўради у.

ИТСВ раҳбари ўринбосари Шуҳрат Вафоев «фақат ички бозорга йўналтирилган маҳаллийлаштириш ҳақида гапиришдан маъно йўқ», дея таъкидлади.

«Биз бунга аччиқ тажрибамиздан ҳам, ўша пайтда импорт ўрнини босиш билан шуғулланган бошқа Лотин Америкаси давлатларининг тажрибасидан ҳам амин бўлдик. Стандартлаштириш масаласи, мутлақо янги стандартлар, янги қурилиш нормалари ва қоидалари, сертификатлаштиришнинг янги усулларини ошириш ва жорий этиш масаласи жуда долзарбдир», — деди у.

Унга кўра, шу сабабдан «Ўзстандарт» агентлиги тугатилиб, унинг негизида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилди.

«Чунки биз техник регламентлар ва стандартлар билан ишлашимизнинг ушбу қисмига ҳамкорларимиз учун қулай инвестиция муҳитининг жуда муҳим қисми сифатида қараймиз. Бу ерда фақат битта йўл бор — бу бутун дунё бўйлаб мақбул бўлган стандартларни ҳеч бўлмаганда биз маҳаллийлаштирилган маҳсулотларимизни етказиб берадиган асосий бозорларда қўллашдир. Биз эса шу йўлдан борамиз», — деди вазир ўринбосари.

Шуҳрат Вафоев худди шу анжуманда «Ўзбекистоннинг амбициялари хом ашё манбаси бўлиб қолишдан кўра кенгроқ» эканлигини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат глобал етказиб бериш занжирларида юзага келган бўшлиқларни тўлдириш учун ишлаб чиқариш ва қайта ишлашнинг бир қисмини ўзига олиши мумкин.

Апрель ойида бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ўзбекистон маҳаллийлаштириш дастури орқали йил охиригача 3 млрд долларлик импорт ўрнини босишни режалаштираётганини маълум қилганди. Бунинг учун 2300 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда.