«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва Truck and Bus Trade Group МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан, 4 январь куни MAN A22 CNG русумли автобусларнинг навбатдаги 16 донаси фойдаланиш учун топширилганди, деб хабар бермоқда АЖ ахборот хизмати.

Янги автобуслар қуйидаги йўналишларда ҳаракатланади:

  • 4 донаси — «1-Автобус саройи» филиалига бириктирилган 28-сонли «Яшнобод қурилиш коллежи — Ибн Сино 2-мавзеси»;
  • 4 донаси — «7-Автобус саройи» филиалига бириктирилган 13-сонли «Изза мавзеси — Тошкент МУМ»;
  • 1 донаси — «8-Автобус саройи» филиалига бириктирилган 91-сонли «Юнусобод мавзеси 15-даҳа — Кўкча масжиди бекати»;
  • 1 донаси — «8-Автобус саройи» филиалига бириктирилган 118-сонли «Чилонзор буюм бозори — O‘zposlsavdo»;
  • 3 донаси — «18-Автобус саройи» филиалига бириктирилган 87-сонли «Чинни бозори бекати — Қорақамиш 2/4 мавзеси»;
  • 3 донаси — «18-Автобус саройи» филиалига бириктирилган 88-сонли «Ибн Сино 2-мавзеси — Муҳаммад Юсуф кўчаси».

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2022 йил 13 декабь куни пойтахтда жамоат транспортидан фойдаланадиган 1,3 млн йўловчи учун автобуслар етишмаётганини танқид қилганди. Президент энг оғир йўналишларга қисқа муддатда қўшимча автобуслар қўйиш ҳамда ҳайдовчиларнинг ойлик маошларини ошириш бўйича кўрсатма берган.

Президент, хусусан, бош вазирга март ойигача Тошкентга 1000 та автобус олиб келиш вазифасини юклаган. Аввалроқ бунча миқдордаги автобусларни 2025 йил охиригача сотиб олиш режалаштирилганди.

Ушбу топшириқдан сўнг 16−17 декабрь кунлари Тошкентга 204 та янги автобус олиб келиниб, йўналишга чиқарилган. Натижада автобусларнинг ҳаракатланиш оралиқ вақти 25−30 дақиқадан 10−12 дақиқага қисқарган. Бироқ аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун яна 21 та янги автобус йўналиши шакллантирилиши зарурлиги қайд этилган.