16−17 декабрь кунлари пойтахтга 204 та автобуслар олиб келиниши ва йўналишга чиқарилиши натижасида автобусларнинг ҳаракатланиш оралиқ вақти 25−30 дақиқадан 10−12 дақиқага қисқаради, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Шаҳардаги 148 та йўналишнинг 34 таси муаммоли экани аниқланди. Барча йўналишларга 200 дан ортиқ қўшимча автобус жалб этилгач, 17 та йўналишдаги муаммо бартараф этилди. Бироқ аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун яна 21 та янги автобус йўналиши шакллантирилиши зарур.

Таъкидланишича, пойтахтнинг 8 та автобус паркларининг 1374 та транспорт воситалари тўлиқ техник кўрикдан ўтказилди, улардан техник носоз ҳолатдаги 259 та автобуснинг 89 таси таъмирланди.

Ҳайдовчилар танқислигини бартараф этиш мақсадида 2425 нафар «D», «E» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар рўйхати шакллантирилди, ҳозирга қадар уларнинг 140 нафардан ошиқ ишга қабул қилинди.

«Автобус саройларидаги мавжуд иссиқлик, сув ва шу каби бошқа муаммолар бартараф этилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 13 декабрь куни Шавкат Мирзиёев пойтахтда жамоат транспортидан фойдаланадиган 1,3 млн йўловчи учун автобуслар етишмаётганини танқид қилганди. Президент энг оғир йўналишларга қисқа муддатда қўшимча автобуслар қўйиш ҳамда ҳайдовчиларнинг ойлик маошларини ошириш бўйича кўрсатма берди.

Шунингдек, бош вазирга март ойигача Тошкентга 1000 та автобус олиб келиш бўйича топшириқ берди. Аввалроқ бунча миқдордаги автобусларни 2025 йил охиригача сотиб олиш режалаштирилган эди.

Давлат раҳбари танқидидан сўнг ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва транспорт вазири Илҳом Маҳкамов илк марта Тошкентдаги автобусда кўриниш берди. Икки вазир аҳоли билан жамоат транспорти қулайлиги ва муаммолари ҳақида суҳбатлашгани маълум бўлди.

Тармоқларда Пўлат Бобожов ва Илҳом Маҳкамовнинг бундай суратлари кутилмаган ва ноёб ҳодиса сифатида талқин этилди.