Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» дори воситаларининг ножўя таъсири сабаб Ўзбекистонда 20 нафар бола ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси билан вафот этди. Бунинг ортидан Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси «Quramax Mediсal» МЧЖ ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул шахсларига жиноят иши қўзғатди.

Келтирилишича, «Quramax Medical» МЧЖ томонидан мамлакатга импорт қилинган ушбу препаратлар «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ томонидан лаборатория синовларидан ўтказилган ҳамда уларга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул ходимлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талаблари қўпол равишда бузилиб, ушбу дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмагани натижасида сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган.

Жиноят иши доирасида «Quramax Mediсal» МЧЖнинг 2 нафар раҳбар ходими ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖнинг 2 нафар масъул ходими гумонланувчи шахслар сифатида ДХХ Тергов ҳибсхонасига тегишли тартибда жойлаштирилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида «Quramax Medical» МЧЖ томонидан Ҳиндистондан Ўзбекистонга импорт қилинаётган дори воситаларининг божхона назоратидан ўтказилиши тўхтатилди ҳамда дорихоналардаги бундай препаратлар йиғиб олинди. Ҳозирда бу борадаги тадбирлар давом этяпти.

«Quramax Medical» МЧЖга тегишли дори воситаларининг Ўзбекистонда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилгани ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги мутасадди ходимларнинг ушбу ҳолат бўйича амалга оширган ҳаракатларини текшириш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.