Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида Lacetti дарахтга урилиш оқибатида икки киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги матбуот хизмати.

4 январь куни соат 17:30 ларда тумани ҳудудидан ўтувчи 4P-41 Ғаллаорол — Ўсмат — Бахмал автомобиль йўлининг 16-километрида 1999 йилда туғилган ҳайдовчи О.М. Lacetti автомобилда юқори тезликда ҳаракатланиши оқибатида бошқарувни йўқотган. Сўнг йўлнинг ўнг томонига чиқиб кетиб, транспорт воситаси дарахтга урилган.

ЙТҲ оқибатида автомобиль салонида бўлган йўловчилар — 2004 йилда туғилган Н.А. олган оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида, 1968 йилда туғилган К.К. шифохонада вафот этган. Шунингдек, автомобиль ҳайдовчиси ҳамда салонда бўлган яна бир йўловчи енгил тан жароҳатлари олган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.