Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Андижон шаҳар Боғишамол даҳасидаги ҳайвонот боғида 3 январь куни айиқ боғ ишчисига ҳужум қилиб, уни ўлдиргани айтилган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, 3 январь куни соат 16:00 ларда «Усмонобод Файзи» МЧЖга қарашли Андижон ҳайвонот боғи ишчиси А.Г. боғда сақланаётган ёввойи айиқ ҳайвонига овқат бериш мақсадида унинг қафасига кирган. Бу пайтда айиқ унга ташланиб, бўйин қисмидан тишлаб олиши оқибатида оғир тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат Хўжаобод тумани ИИБ томонидан тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилиб, ҳодиса жойи туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилган.

«Фуқаро А.Г. нинг олган тан жароҳатларини оғирлик даражасини ва унинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳайвонот боғида 2019 йилда ҳам шерлар соқчининг ўлимига сабаб бўганди. Соқчи ҳеч ким йўқ вақтда 2 бош шер боқилаётган қафасга улар билан ўйнаш мақсадида кирганида, шерлар ҳужумига учраганди. У «бўйин ва тананинг бошқа соҳаларида кўплаб очиқ яралар, тананинг орқа юзасида кўплаб ўткир ботиқ яралар жароҳатлари» етказилиши ва ўткир қон томир етишмовчилиги натижасида воқеа жойида вафот этган.