Тошкент шаҳри Чилонзор туманида маклерлар уй талашиб жанжаллашиши оқибатида улардан бири жароҳатланди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи 23 ёшли С.У. 3 январь куни таниши 21 ёшли Ф.К. билан Чилонзор тумани 16-даҳада жойлашган Й.Ж.нинг ижарага бераётган уйига бир вақтда бир мизожни олиб борган. Шундан сўнг ўрталарида жанжал келиб чиққан ва оқибатда уйнинг олдида С.У. жаҳл устида қўлида бўлган номаълум жисм билан Ф.К.нинг қорин соҳасига уриб, унга жароҳат етказган.

Оқибатда Ф.К. РШТИЁМга қорин олди девори санчилиб кесилган жароҳати, талоқ ва буйрак шикастланиши каби жароҳатлар билан мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан С.У.га нисбатан Жиноят кодекснинг 104-моддаси 2-қисми «л» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.