Сирдарё вилоятида «Док-1 Макс» дори воситаси 7 нафар бемор болага ножўя таъсир қилгани қайд этилган. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олтиной Эсанова маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда улардан 4 нафари соғайиб чиққан, 3 нафари эса жонлантириш бўлимида даво-муолажаларини давом эттирмоқда.

Аввалроқ РШТЁИМ Фарғона вилоят филиалида қувасойлик 3 ёшли бемор бола «Док-1 Макс» сиропидан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани хабар қилинганди.

Ҳиндистон дори воситаси Ўзбекистонда камида 19 боланинг ҳаётига зомин бўлган Marion Biotech компаниясининг гувоҳномасини тўхтатиб қўйганди. Фармацевтика агентлиги Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонасига «Док-1 Макс» таркибидаги этиленгликоль миқдори меъёрдан 300 баравар юқори эканлигини маълум қилганди.

ССВнинг янги раҳбари Амрилло Иноятов дорихоналарга йўллаган хатида Quramax 2022 йилда импорт қилган барча дориларнинг сотилишини тўхтатиш ҳақида кўрсатма берганди. «Док-1 Макс» ва «Амбронол» препаратларининг рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаларини бекор қилиш тўғрисида судга даъво аризаси ҳам киритилган.