Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг болалар реанимация бўлимида «Док 1 Макс» сиропини ичиши натижасида Қувасойда яшовчи 3 ёшли бемор бола доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанмоқда. Бу ҳақда вилоят ССБ раҳбари Абдуқаюм Тўхтақулов ЎзАга маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, боланинг умумий аҳволи оғир, ҳушида. Беморга тасдиқланган даволаш стандарти асосида даво муолажалари олиб борилмоқда.

«Вилоятдаги вазиятни шахсан ўзим назоратга олганман. Яна бир бор аҳолимиздан иситма туширадиган дори воситаларини фақат шифокор тавсияси ва назоратида қабул қилишни сўрайман. Қолаверса, фарзандларимизга шифокорнинг аниқ тавсиясисиз, ўзбошимчалик билан дори препаратларини бермасликни илтимос қилиб қоламиз», — деди вилоят ССБ раҳбари.

Хабарда айтилишича, вилоятда таркибида парацетамол дозаси бўлган дори препаратларини болалар буйрагига токсик таъсир қилиши ҳамда терапевтик дозанинг оширилишига йўл қўймаслик, тана ҳарорати 38 даражадан юқори бўлган болаларнинг тана ҳароратини табиий усуллар билан тушириш, ота-оналарга таркибида парацетамол сақлайдиган препаратларни ўзбошимчалик билан ичирмаслик тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.