Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — журналист ва филолог, бир қатор китоблар ва қўлланмалар муаллифи, жамоатчилик фаоли Шаҳноза Соатова.

Яқин орада ўқилган китоблардан тавсиялар

Турли жанрдаги китобларни ўқийман. Анча йиллар нашриётларда муҳаррирлик қилганим учун, касб тақозоси билан, яъни муҳаррир ё мусаҳҳиҳ сифатида ўқиган китобларимни мутолаа ҳисобламайман, уларни ўқилган китоблар қаторига қўшмайман. Чунки у бошқача ўқиш, унда матнга профессионал талаблар билан қарайсиз, кўпинча мутолаа завқини ҳис қилмайсиз. Ҳатто ўзим муҳаррирлик қилган китобларни нашрдан чиққач ўқувчи сифатида қайта ўқиб чиққан ҳолларим ҳам бўлган.

Мен фақат кўнгил чопиб, танлаб, ишдан бўш вақтларда ё атай бўш вақт ажратиб ўқувчи сифатида ўқиган китобларим ҳақида гапираман. Табиийки, улар орасида бадиий адабиёт катта ўринни эгаллайди. Мен бадиий асарларни ҳар қандай касб-йўналиш-соҳа вакиллари ўқиши шарт бўлган йўналиш деб ҳисоблайман. Назаримда, тасаввурни, креативликни, ноодатий фикрлашни ривожлантиришда бадиий асарларга ҳеч бир йўналиш тенг кела олмайди.

Лойиҳадан мақсад китобхонликни оммалаштириш экан, сўнгги пайтларда ўқиган асарларим орасидан ҳар қандай касб, савия, даража, дунёқарашли китобхон учун тушунарли ва манфаатли бўла оладиган асарлардан тавсия қиламан.

Темурпўлат Тиллаев. «Ўлим ўпқони». «Академнашр» нашриёти. 2021 йил. 134 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, шаҳноза соатова

«…юлдузлар йироқлигидан, ой ойдинлигидан, офтоб оташлигидан, ер юмшоқлигидан, тош қаттиқлигидан, сув суюқлигидан, тун қоронғилигидан, йўл узунлигидан норози қичқирмоқда. Одамлар жим, одамлар жим, одамлар жим!»

Мистика, фантастика аралаш ўта реалистик тасвир. Даҳшатли воқеалар шу қадар тиниқ, серранг ва реал тасвирланганки… Айниқса етти кун ёғган ёмғир ичида содир бўлаётган фалокатларни дераза ортида ростанам ёмғир ёғиб турганда ўқиганман… Даҳшат босган. Бир ухлаб туриб, бозорга бориб, концертга тушиб келдим ҳамки таассуротлар хиралашмади, эҳтирослар босилмади. Ҳалигача асар эпизодлари тасаввуримда гавдаланиб туради.

Тасаввур қилинг, нотаниш асарни ўқий бошладингиз. Ровий сюжетни баён қиляпти: дўсти унга ўзининг дўстининг сирли ўлими ҳақида ҳикоя қиляпти ва шу аснода у марҳумнинг кундалигини ўқиб беряпти. Асосий воқеалар ўзи шу кундаликда ёзилган, аммо унгача ўқувчи нечта ҳикоя ичидаги ҳикоялардан ўтиб бориши, қанча даҳшатларни бошдан кечириши керак. Дафтарни ҳар бир ҳикоячи ўқийди ва эси оғиб қолаверади. Охирида ўша дафтарга етиб борган ўқувчини ҳам даҳшат босади — мен ҳам эсдан оғаманми энди деб. Композиция шунақа — квест, лабиринт!

Сюжетга жойланган фикр эса ундан ҳам даҳшат — қаҳрамон ҳақиқат қидиради, топади, топган ҳақиқатини ичда сақласа, эсдан оғиб ўлади, бировга айтса, ўлдиришади. Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам… Тилларига занжир осган итбалиқлар, дейди қаҳрамон жим юрганларни.

Ёшлигимда қўрқинчли фильм кўрсам, қўрқсам ҳам охиригача борардим — бу менга қўрқувларимни енгиш учун машқ бўларди. Фильм охиригача жорий қўрқувни енгиб боришни эплаш осон, аммо фильмни кўриб бўлгач давом этадиган қўрқувнинг узун думини кесиб ташлаш қийин бўларди: неча кунгача кечаси ҳовлига елғиз чиқишга қўрқиб юрардим. «Ўлим ўпқони» менга қўрқув билан танго тушишни ўргатган.

Ўрхон Камол. «Денгизга отилган аёл». «Янги аср авлоди» нашриёти. 2021 йил. 384 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, шаҳноза соатова

Бош қаҳрамони аёллар бўлган асарлар кўпинча бестселларга айланаркан — китоб бозорининг ёзилмаган қонунияти шу.

Турк ёзувчиси Ўрхон Камол қаламига мансуб — турмуш ўртоғининг қалтис қарори сабаб умри хазон бўлган бир аёл кечмишлари ифодаланган «Денгизга отилган аёл» романи содда ифодаси ва жуда қизиқарли, динамикали сюжети билан бир нафасда ўқилади.

Асар ХХ асрнинг 20-йилларидан 50-йилларига бўлган воқеаларни қамраб олади. Унда Ўрхон Камолгагина хос ўткир қизиқарли фабула билан ишлаш ва уни бир нафасда ўқиладиган қизиқарли сюжетга айлантириш маҳорати кўзга ташланади.

Эри томонидан кўчага ҳайдалган аёлнинг сарсон ва саросар кечмишларини ўқир экансиз, таъсирланасиз, қайғуланасиз, ўйланасиз, муҳим хулосалар қиласиз. Фақат бу жараёнларнинг қизиқарли мутолаа завқи аро кечаётганни сезмай ҳам қоласиз.

Муҳими, қиз болага ўз шаънини ҳимоя қилиш, ҳақ-ҳуқуқларини таниш, иродали бўлиш билан бирга таълим ҳамда тарбия ҳам ҳар бир давр учун долзарб масала бўлиб қолажагига амин бўласиз.

Анни Шмидт. «Мушуклар маликаси Минуш». «Академнашр» нашриёти. 2021 йил. 192 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, шаҳноза соатова

" — Ичимда иккита мавжудот доим ит-мушук, жиққамушт бўлаётгандек. Бири — чаламушук, бошқаси эса чалаодам.
— Шунақа денг… — энди доктор ҳам беихтиёр хўрсинди. — Бус-бутун одам бўлиш ҳам баъзан одамга малол келади аслида…"

Анни Шмидтнинг ажойиб аллегорик асари (ижтимоий эртак)ни ўқиб чиқиб, ҳаётда одамлар ва мушуклар роли алмашиб қолганми деганман: мушуклар фаолроқ, ақллироқ, уюшқоқроқ, ёлғонга нисбатан исёнкорроқ, адолатсизликка тоқатсизроқ… Хуллас, одамлардан яхшироқ, деган хулосага рози бўлишдан бошқа чора қолмаганди.

Одамга айланиб қолган биргина ақлли ва адолатпарвар мушукча ердаги ҳаётни томга кўчирадию, жамиятни том маънода ўзгартиради: сўз эркинлиги, жамоатчилик назорати, жиноятларни фош қилиш, қонун устуворлиги, адолатли муносабатлар, коррупция ва тўрачиликка қарши кураш… каби йўналишларда бутун шаҳар аҳолисига ажойиб сабоқ беради. Шунингдек, уюшган, бирдам, ҳамжиҳат жамият қандай бўлиши кераклигини ҳам кўрсатади.

Асар замонамизга ташқаридан назар ташлашга ва муҳим саволларни олдимизга қўйишга ундайди: қаерда устунмизу, қай жойда заиф? Нимани тўғри ё нотўғри қиляпмиз? Нимада фаолмизу, нималарга журъатимиз етмаяпти? Нима учун биз мушуклардек йўл тутмаяпмиз?

Анни Шмидт — Ҳанс Кристиан Андерсен номидаги халқаро Олтин медаль соҳибаси, нидерланд адабиётининг энг ёрқин вакилларидан бири. Мукофотни олаётиб у: «Фақат ҳақиқат, битта ҳам ёлғон сўз йўқ», — дейди. «Мушуклар маликаси Минуш» ҳам асли эртак бўлса-да, бошдан оёқ рост.

Ушбу асарни оналар болаларига албатта ўқиб беришлари керак. Чунки болаларга асарнинг қизиқарли сюжети ёқади: қизим ўн кун давомида ухлашдан олдин қулоқ қоқмай ойиси тилидан «Минуш»ни тинглаганди.

Ёшларга тавсиялар:

Шунингдек, ўқишга тавсия қиладиган китоблар (16+):

  • Андрей Платонов. «Жон»;
  • Жорж Оруэлл. «1984»;
  • Чўлпон. «Кеча ва кундуз»;
  • Усмон Турон. «Туркий халқлар мафкураси»;
  • Назар Эшонқул. «Уруш одамлари»;
  • Мирзакалон Жўраев. «Мажнун»;
  • Набижон Боқий. «Қатлнома»;
  • Адиб Холид. «Ўзбекистон таваллуди»;
  • Бахтиёр Абдуғофур. «Мадаминбек. Қонли гуллар водийси»;
  • Рэй Брэдбери. «Момақаймоқ шароби», «Фаренгейт бўйича 451 даража»;
  • Сомерсет Моэм. «Ой ва чақа», «Театр», «Инсоний эҳтирослар уқубати»;
  • Жером Сэллинжер. «Жавдарзордаги қўрувчи» (The Catcher in the Rye);
  • Харпер Ли. «Мазахчи қушни ўлдириш» (To Kill a Mockingbird);
  • Акутагава Рюноскэ ҳикоялари;
  • Кен Кизи. «Какку уяси узра парвоз» (One Flew Over the Cuckoo’s Nest);
  • Александр Солженицин. «Рак корпуси», «Иван Денисовичнинг бир куни».