Фарғонада ЙҲХБ инспекторлари ҳайдовчига нисбатан ноқонуний маъмурий баённома тузгани учун жавобгарликка тортилди. Фарғона вилоят суди матбуот котибининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳайдовчи унга «руҳий азоб етказилгани» учун инспекторлардан маънавий зарар ундириб олиш учун судга даъво аризаси киритган.

Қувалик А. Б. 2021 йил 8 декабрь куни туш вақтида Фарғона шаҳрига келиб, машинасини пиёдалар йўлаги ёнида қолдирган. Унга Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ 1-отряд инспектори А. А. «йўлнинг тақиқланган қисмига машина қўйгани учун» маъмурий баённома тузган. «Аслида эса ундай эмасди. Ҳайдовчи буни инспекторга тушунтиришга ҳар қанча уринмасин, фойдаси бўлмайди», — дейилади Олий суд хабарида.

Шу куннинг ўзида ҳайдовчига яна бир инспектор маъмурий баённома тузди. Бунда унинг соат 16:44 ларда шаҳарнинг Бозор йўли кўчасида тўхтаб, бозорга киргани асос қилинган.

Шундан сўнг ҳар иккала маъмурий баённома Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ томонидан судга олиб чиқилмай туриб, ҳайдовчидан жарима ундириб олинган. Ҳайдовчи маъмурий баённомаларни бекор қилишни сўраб жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судига ариза билан мурожаат қилган.

Суд унинг аризасини, келтирган важларини атрофлича ўрганиб, 2021 йил 27 декабрь кунги қарори билан ҳайдовчининг аризаси қаноатлантирди. Инспекторлар тузган баённома бекор қилинди.

А. Б. иккала инспекторнинг хатоси сабаб ўзи ва оила аъзолари руҳий азоб чекканини билдириб, улардан маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бў­йича Фарғона туманлар­аро судига даъво ариза киритди.

Суд даъвони қаноатлантириб, А. Б. фойдасига А. А.дан 3 млн сўм маънавий зарар, 270 минг сўм давлат божи, 18,9 минг сўм почта ҳаражатлари, яна бир жавобган Э. Б.дан 3 млн сўм маънавий зарар, 540 минг сўм давлат божи, 18,9 минг сўм почта ҳаражатлари ундириш бўйича қарор чиқарди.