Ўзбекистонда коррупция ҳақида кўп гапириляпти, лекин тизимида коррупцияга йўл қўйилса, нима учун вазир жавоб бермаслиги керак? Ушбу саволни президент Шавкат Мирзиёев халққа мурожаатида ўртага ташлади.

«Энди сўров бошқача бўлади. Вазир ўз тизимига ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича биринчи бўлиб, ўзи жавоб беради. Давлат вакиллари ўзининг ҳалол меҳнати, оддийлиги, халқсеварлиги, самимийлиги ва фидойилиги билан одамларимиз меҳрини қозониши керак», — деди у.

Энди, вазирларнинг сиёсий масъулияти оширилиб, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари, мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бевосита вазирлар иштирокида коллегиал ҳал этилади.

«Ҳар бир вилоятдаги муаммоларни ечиш учун, ҳар ойда жойига чиққан ҳолда „Ҳукумат куни“ ўтказилиши йўлга қўйилади. Вазир ҳар йил бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якуни билан эса унинг натижаси бўйича ҳисобот беради. Таъкидлаб айтмоқчиман — энди, қайси вазир ўз ишини эплай олмаса, истеъфога чиқади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, энди давлат лавозимларига фақат конкурс асосида ишга қабул қилиниши таъкидланди.

«Бу йил «Давлат хизмати тўғрисида»ги янги Қонунни қабул қилдик. Бундан буён давлат лавозимларига фақат конкурс асосида ишга қабул қилинади. Барча раҳбарлар фаолияти самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилади. Ҳар йили 500 нафар мутахассисни энг нуфузли хорижий олийгоҳ ва марказларда ўқитиб келамиз», — деди давлат раҳбари.

«Келаси икки йилда ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлигига республика идораларида юқори лавозимларда ишлаган, билимли ва тажрибали кадрлар қўйилади.

«Янги йилдан бошлаб ҳар бир ҳоким ўз туманига 40−50 миллион доллар хусусий инвестицияларни олиб келиши керак бўлади», — деди президент.