Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламент ва халққа мурожаати давомида келгуси йилдан жамоат транспортидаги вазият мутлақо ўзгаришини маълум қилди.

«Тошкент шаҳри учун қўшимча 1000 та замонавий автобус сотиб олинади, 7 та ер усти метро бекати ишга туширилади. Буларнинг ҳисобига, ҳар куни 500 мингдан зиёд пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига қўшимча қулайликлар яратилади», — деди давлат раҳбари.

Ҳудудларда ҳам йўловчи ташиш сифатини яхшилаш мақсадида, яна 1000 та автобус ҳаракати йўлга қўйилади. Бу орқали, жамоат транспорти бўйича аҳвол оғир бўлган 300 та маҳалладаги 1 миллион аҳолининг узоғи яқин бўлади.

«Ҳудо хоҳласа Наврўз байрамигача (21 март — таҳр.) республикага 2000 та автобус олиб келамиз. Биз буни қилишимиз шарт. Одамлар шуни талаб қилаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент жамоат транспортининг бошқа турлари, мисол учун трамвай масаласига тўхталиб ўтмади.

Тошкентга трамвай қайтарилиши режалари ҳақида Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни ушбу электр транспорт фаолият кўрсатаётган ягона шаҳар — Самарқандга ташрифи давомида маълум қилганди. Ноябрда эса Транспорт вазирлиги пойтахт кўчаларига трамвайни қайтариш заруратини ўрганаётганини қайд этди.

Шу кунларда Шавкат Мирзиёев март ойигача 1000 та автобус етказиб бериш режасини эълон қилиб, пойтахтда жамоат транспорти ишини яхшилаш бўйича топшириқ берди. Бу ишга ИИВ, Миллий гвардия ва ФВВ жалб қилинган.