Президент фармонига асосан, 1 январдан пенсия тайинлаш учун ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробаригача оширилади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Бунда, пенсия тайинлашда ҳисобга олинган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 3 млн 240 минг сўмдан юқори бўлган нафақахўрларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилиб чиқилади.

Жамғарма маълумотларига кўра, бугунги кунда 3,2 млн сўмдан юқори иш ҳақи олувчи барча пенсионерларнинг оладиган пули қайта ҳисоб-китоб қилинган, пенсияси ошадиган фуқароларга декабрь ойида SMS хабар юборилган.

Тизимнинг ўзи автоматик тарзда қайта ҳисоб-китоб қилади. Шу сабаб пенсионерларнинг ўзи жамғармага мурожаат этиши шарт эмас. Агар тайинланган пенсия миқдори ошганлиги тўғрисида маълумот керак бўлса, pensiyauzbot Telegram-бот орқали уни текшириб кўриш мумкин.

Шу вақтгача 30 йил иш стажи ва 3,9 млн сўм ўртача ойлик иш ҳақи олган эркак кишига 2022 йилда 1 944 000 сўм ёшга доир пенсия тайинланган.

Бунда пенсия қуйидагича ҳисобланади: ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдори (324 000 сўм)нинг 10 бараваридан юқори бўлганлиги сабабли, пенсия ҳисоблаш учун 3 240 000 сўм инобатга олинган.

Пенсиянинг таянч миқдори — 1 782 000 сўм (пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақи — 3 240 000 сўмнинг 55 фоизи);

Ортиқча иш стажи учун устама — 162 000 сўм (эркакларга талаб этилган 25 йил стаждан ҳар бир ортиқча йиллик иш стаж учун пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида — 3 240 000 сўм * 5%). Жами пенсия миқдори 1 782 000 + 162 000 = 1 944 000 сўм

Ушбу фуқаронинг пенсияси 2023 йил 1 январдан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 2 332 800 сўмни ташкил этади.

Пенсияни ҳисоблашда:

  • ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдори (324 000 сўм)нинг 12 баравари (3 888 000 сўм)дан юқори бўлганлиги сабабли, пенсия ҳисоблаш учун 3 888 000 сўм инобатга олинади;
  • пенсиянинг таянч миқдори — 2 138 400 сўм (пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақи — 3 888 000 сўмнинг 55 фоизи);
  • ортиқча иш стажи учун устама — 194 400 сўм (эркакларга талаб этилган 25 йил стаждан ҳар бир ортиқча йиллик иш стаж учун пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида — 3 888 000 сўм х 5%). Жами пенсия миқдори 2 138 400 + 194 400 = 2 332 800 сўм миқдорида тўланади.

Яъни, фуқаронинг 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсия миқдори амалдагига нисбатан 388 800 сўмга ошади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун лойиҳаси жорий йилнинг сентябрь ойида Сенат томонидан маъқулланганди.