Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида 7 636 та йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) қайд этилиб, улар оқибатида 7 174 киши жароҳатланган, 1 931 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг 226 нафари болалардир. Ушбу маълумотлар Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитасида 29 ноярь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов болалар ўлими билан боғлиқ ҳолат ҳақида тўхталаркан, жумладан, шундай деди: «Бу ҳолат барчамизда бирдек ташвиш уйғотади. Биз 200 дан зиёд боланинг ўлими ҳақида гапиряпмиз, ваҳоланки тинч замонда бир нафар боланинг ҳам бу тарзда ҳалок бўлиши — фожиа».

Йиғилишда туман (шаҳар)лар кесимида «Хавфсиз йўл» индексини юритиш амалиёти йўлга қўйилгани, «Умр тезликдан муҳимдир» ва «Хавфсизлик камари — ҳаёт гарови» шиорлари остида комплекс тарғибот ва ташвиқот ишлари ташкил этилганига қарамай, ўлимга олиб келган ЙТҲлар сони камаймаётгани таъкидлаб ўтилган.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда ЙТҲлар 18 ёшгача бўлган ўғил болалар ўлимининг биринчи рақамли сабаби экани, мамлакатда ЙТҲлар оқибатида 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси Европа мамлакатларига қараганда тўрт баравар юқори эканини маълум қилган эди.

Маълумот учун, бутун 2021 йил давомида Ўзбекистонда 10 001 та ЙТҲ юз берган бўлиб, ушбу ҳодисалар оқибатида 9 230 киши тан жароҳати олган, 2 426 киши ҳалок бўлган. Мамлакатда 2019 ва 2020 йилларда ЙТҲлар оқибатида мос равишда 1 915 ва 1 962 киши ҳалок бўлган эди.